Спорт | 15:58 / 27.10.2019
3128
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон каратэ ва камондан отиш терма жамоалари учун бадиий-меҳмондорчилик тадбири ўтказилди

Тошкентдаги ресторанлардан бирида Ўзбекистон каратэ ва камондан отиш терма жамоалари вакиллари учун байрамона кеча ўтказилди. Ушбу икки терма жамоани ноябрь ойида масъулиятли мусобақалар кутмоқда.

Миллий олимпия қўмитаси ва Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган тадбир иштирокчилари дастлаб МОҚда жам бўлишди ва махсус автобусда манзил томон йўл олишди

«Унда иштирок этган юртимиздаги таниқли спорт фахрийлари сўз олиб, бундай маданий тадбирларнинг ўтказилиши спортчиларимизнинг янада юқори натижалар қайд этишида катта роль ўйнашини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди», – дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Тоҳир Содиқов ҳамда Рашид Халиков ва таниқли хонанда Зиёд Эшонхўжаев ўз қўшиқлари билан чиқиш қилди.

Спортчилар номидан Осиё ўйинларининг каратэ бўйича совриндори Барно Мирзаева ҳамда камондан отиш бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони Зокиржон Ғофуров сўзга чиқди.

«Бундай тадбирнинг ўтказилиши бизга янада куч бағишлайди. Биз спортчилар президентимизнинг кўрсатаётган ғамхўрликларини ҳис қилиб турибмиз. Насиб қилса, Токио Олимпиадаси лицензияларига эга чиқиб, Олимпия ўйинларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ваъда берамиз», – деди Барно Мирзаева.

«Нега айнан ушбу спорт турлари, деган савол туғилиши табиий. Боиси каратэчиларимиз келаси ой Мадридда ўтажак Премьер-лига турнирида, камончиларимиз эса Бангкок мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатига йўл олишади.

Аҳамиятлиси, Бангкок турнири – мерганларимиз учун яккалик баҳсларида Токио Олимпиадасига йўлланма бериши мумкин бўлган сўнгги мусобақадир. Премьер-лига эса Токио Олимпиадаси йўлида йирик рейтинг очко берадиган турнирлар сирасига киради», – дея қайд этилган МОҚ хабарида.

Қўшимча қилинишича, бундан кейин бу каби маданий тадбирлар федерация мутасаддилари билан маслаҳатлашган ҳолда бошқа спорт турлари билан ҳам мунтазам ўтказиб борилади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид