Лина Хатиб, Британия Қироллиги халқаро муносабатлар институтининг Яқин Шарқ дастури бўйича директори:
Ал-Бағдодийнинг ўлими ИШИДнинг тугашини англатмайди. Бу ташкилот келажаги унинг раҳбаридан кўра Суриядаги вазият қай йўналишда ўзгаришига боғлиқ.
Бағдодий ИШИДдаги муҳим фигура бўлган, айниқса бу ташкилот халифалик ёки исломий давлатини тузган вақтда. Халифасиз халифалик тузиб бўлмагани учун ИШИД тарафдорлари ал-Бағдодийни ўз етакчиси сифатида танлаган.
ИШИДнинг Сурия ва Ироқда мағлуб бўлишига қарамай гуруҳ тарафдорлари Бағдодий сиймосида ташкилотнинг қайта уйғонишига бўлган умидларни кўришарди. Суриядаги ИШИД жангариларининг хотинлари ва бевалари сақланаётган Ал-Хол лагеридагилар ўртасида сўров ўтказилганида улар Бағдодийнинг сўнгги баёнотлари ташкилот тарафдорларини таъсирлантиргани маълум бўлган.
Туркия Сурия шимолида ҳарбий амалиёт бошлашидан аввалроқ ИШИДнинг ҳудуддаги ҳарбий таъсири сезиларли даражада сусайган, аммо гуруҳлар ўз функцияларини бажаришда давом этган. Жангарилар гуруҳлари мамлакат шимоли-шарқида тинч аҳоли вакилларига ҳужумлар уюштиришга киришган.

Пальмирадан шарқда, Хомсга яқин ҳудудларда ИШИД жангарилари Сурия армияси ва россиялик ҳарбийлар базаларига ҳужум қилишни тўхтатишмади. Сурия шимоли-шарқида ИШИДнинг собиқ жангарилари бошқа жангарилар гуруҳларига қўшилишди.
Идлиб вилоятида «Ал-Қоида»нинг филиали бўлмиш «Хуррас-ад-Дин» гуруҳи ўрнашган, бу гуруҳ ҳарбий ҳаракатларда фаоллиги ва аъзолари сони кўп бўлишига қарамасдан аҳоли орасида ҳурмат қозона олмади.
ИШИД ғоялари таъсиридаги гуруҳ Сурия шимоли-шарқидаги Дайр аз-Зорда ҳам сақланиб қолган. Ушбу ҳудудни асосан курдлардан таркиб топган Сурия демократик кучлари ортядлари назорат қилади, аммо ҳудуд аҳолиси уларни қўллаб-қувватламайди. Ҳудуддаги араблар на курдларни, на Сурия ҳукуматини ва на Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳарбий отрядларни тан олади.
Маҳаллий араб қабилалари яқиндагина Сурия режими ва Эронга қарши норозилик акциялари ўтказишганди.
Туркия армияси Сурия шимолига киришидан олдин Дайр аз-Зорда араб қабилалари ва курдлар ўртасида тўқнашув келиб чиқиши ИШИД фаоллашувига олиб келарди.


















