Бир неча кун муқаддам Ўзбекистон Республикаси президентининг «Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинганди. Давлат божхона қўмитасида бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарҳод Олимжонов ушбу қарор юзасидан изоҳ берди.
– Жисмоний шахслар томонидан божхона постларидан нотижорат мақсадларда олиб келинаётган товарларнинг божхона расмийлаштиришни соддалаштириш мақсадида мазкур қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Агарда чегара-божхона постлари орқали фуқаролар қанча тез ҳаракатланса, Давлат божхона постларининг баҳолаш тизими бўйича баҳо яхши ҳисобланади. Расмийлаштириш ишларини соддалаштириш, вақт ва харажатни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Қарор лойиҳасида божхона тўловларини ундириш тартиботини соддалаштириш назарда тутилган. Яъни, амалдаги қонунчилик бўйича божхона божи, акциз солиғи ва ҚҚСни умумлаштирилган ҳолда унинг ўрнига ягона божхона тўлови жорий қилиш назарда тутилмоқда. 300 долларгача товарлар олиб кириш белгиланган бўлса, шундан ортиғига божхона тўлови белгиланиши амалиётда мавжуд. Амалиётда товарлар сони миқдорига қараб расмийлаштириш муддати чўзилади. Ҳар бир товар бўйича номенклатурасини, келиб чиқиш мамлакатини, бевосита божхона қийматини аниқлашга мажбур бўлар эди. Агарда ҳар бир фуқаро тўрттадан товар олиб келаётган бўлса 30-40 дақиқа сарф этилаётган эди. Бу ҳар бир фуқарога! Эндиликда таклиф этилаётган қарор лойиҳаси билан маҳсулот қийматидан, яъни қўлингизда турган маҳсулот чеклари ва квитанцияларга асосан қиймат белгиланади. Ушбу квитанциялардаги қийматдан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун - 30 фоиз, лекин камида 1 кг учун 2 AҚШ доллари; ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун - 50 фоиз, лекин камида 1 кг учун 4 AҚШ доллари миқдорида ягона божхона тўловини ундириш назарда тутиляпти.

Ташқи иқтисодий товарлар номенклатурасида 11295та товар рўйхати мавжуд. Ҳозирги кундаги божхона божи ставкалари, акциз солиғи ставкалари тасдиқланган. Жумладан, пишлоқ товарларини мисол келтирамиз: 15 фоиз миқдорида божхона божи, 10 фоиз миқдорида акциз солиғи ва 15 фоиз миқдорида қўшилган қиймат солиғи ундирилади. Яъни, жами бўлиб – 44 фоиз божхона тўловлари тўланиши лозим. Янги тартиб бўйича пишлоқ маҳсулотига 30 фоиз миқдорида божхона тўлови ундирилади.















