Британия полицияси чоршанба куни Англия шарқидаги Эссекс графлигининг Грейс шаҳарчасидаги саноат зонасида турган юк машинаси ичидан 31 эркак ва 8 аёлнинг жасадини топганди. Бу иш бўйича текширув ишлари давом этмоқда. Қурбонлар орасида Вьетнам фуқаролари ҳам бўлгани тасдиқланди. Рейтер хабарига кўра, Вьетнам полицияси қариндошлари ушбу юк машинасида бўлганини тахмин қилаётган вьетнамликларнинг ДНК маълумотларини йиғмоқда.

39 жасад топилган юк машина ҳайдовчисига айблов эълон қилинди. Англиядаги фожианинг янги тафсилотлари

Марҳумларнинг қариндошлари журналистлар билан боғланиб, вьетнамликлар юк машинаси юкхонасида жўнатилгани ҳақида хабар қилишган.

Фам Тхи Ча Ми ва Нгуен Динь Льёнг юк машинасидагилар орасида бўлган бўлиши мумкин / EMPICS

«Жуда афсусдаман, жуда афсусдаман, ойи ва дада, менинг бошқа мамлакатга сафарим омадсизлик билан якунланмоқда. Мен ўляпман, нафас ололмаяпман. Мен сизларни жуда севаман», - дея ёзган 26 ёшли Фам Тхи Ча Ми. 

Қизнинг акаси Би-би-си мухбирига у контрабандачиларга Британияга олиб бориши учун 30 минг фунт тўлагани ҳақида айтиб берган.

19 ёшли Буй Тхи Ньгуннинг яқинлари ҳам ташвишга тушишган.  У 39 киши орасидаги энг ёш йўловчи бўлган бўлиши мумкин.

19 ёшли Буй Тхи Ньгун Нгеан провинциясида яшаган / REUTERS

Вьетнам нашрларида ёзилишича, Эссексдаги воқеа билан бир вақтда Вьетнамдаги 20га яқин оила ўз яқинлари билан алоқа боғлай олмаётгани ҳақида маълум қилган.

Улар нима учун Вьетнамдан кетишади?

Вьетнамликлар аксар ҳолатларда Буюк Британияга ишлаш учун келишмоқда. Нима учун улар бундай қиммат ва хавфли саёҳатга отланишади?

«Ҳозир Вьетнам - иқтисоди гуллаб-яшнаётган давлат, аммо ҳаммага ҳам бу ерда яхши иш топилмайди. Вьетнамда ишчи кучи кўп ва ишсизлик юқори», дейди Би-би-сининг Вьетнам хизмати раҳбари Хазянг Нгуен.