Аҳолини узлуксиз иссиқ сув ва иссиқлик қуввати билан таъминлаш бўйича 4 октябрь куни президент ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтган эди. Биз шу мавзу юзасидан суҳбат ўтказиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида бўлдик.

Вазир ўринбосари Ғофур Жамолов билан кечган суҳбатимиз иссиқлик таъминотидаги муаммолар ва бу соҳада қилинаётган ишлар мавзусида бўлди.

Куз-қиш мавсумида кўп қаватли уйларнинг юқори қаватида яшовчи инсонлар иссиқ сув чиқмаётганидан тез-тез шикоят қилади. Шундай муаммолар бўладиган мавсумга тайёргарлик қандай?

Вазирлик тузилганидан сўнг, мавжуд ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқдик. Қозонхоналарга, аҳолининг кўп қаватли уйларигача бориб ўргандик. Шу бўйича қисқа муддатда ва узоқ муддатда амалга оширилаётган ишлар бўйича режа қилинган.

2018 йилнинг натижаларидан келиб чиқиб, куз-қиш мавсумига бошқача тайёргарлик кўрдик. Авваллари синов ишлари номига амалга оширилган. Тўлиқ синов бўлмагани учун қиш мавсумида ҳар хил нохуш авария ҳолатларини келтириб чиқарган. Синовларни белгиланган талаблар асосида ўтказишни йўлга қўйдик.

Фуқаролардан кўп маротаба иссиқ сувдаги узилишлар бўйича шикоятлар тушди. Чунки тармоқларни юқори босимда синовдан ўтказдик ва натижада 420дан ортиқ авариялар келиб чиқди. Оғриқли нуқталар аниқланиб, алмаштириш лозим бўлганларни ҳисобга олдик.

Авваллари мавсумдан ўтиб олиш учун ямаб қўйилган холос. Бу йил бошқача ёндашув асосида оғриқли нуқталарни аниқлашга ва янгилашга ҳаракат қилдик.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйларда муҳандислик тармоқлари баъзиларида алмаштирилган, лекин баъзиларида ишлар қилинмаган. Муаммоларни аниқлаб олиш мақсадида ўзим бошчилигимда фейсбукда «Иссиқлик таъминоти» номли гуруҳ очдик. Бир ой ичида 1,5 минг фуқаро аъзо бўлди. Чунки бу масалада аҳолининг дардлари тўпланиб қолган. Ўзим ҳам бир нечасига чиқиб келдим. Қаердадир тармоқда муаммо бўлса, қаердадир уйнинг ичида муаммо бор. Берилган иссиқлик йилма-йил айланиб, қувурлар тўлиб бораверган. Ҳозир бу трубалардан игна ҳам ўтмайдиган бўлиб кетган.

Истеъмолчи сифатида ўзим ҳам бошимдан ўтказдим. Иккита хонамда иссиқлик бор, биттасида йўқ. Иссиқлик таъминоти корхонаси кўп қаватли уйларда элеватор мосламасигача олиб келишга мажбур. Биз ширкатни чақириб, биргаликда ўргандик. Сув тугул, пуфласангиз ҳаво ҳам ўтмайди. Пенсионерларимизнинг иссиқлик радиаторларини ўзимиз ювдириб ҳам бердик.