54 ёшли аёл бу муаммо бўйича Kun.uz таҳририятидан ёрдам сўраб, мурожаат қилди.

Хосият Маткаримова турмушидан эрта ажралиб, бир ўғлини ёлғиз тарбиялаб, вояга етказган. Келини Россияда фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмганидан сўнг қарамоғида икки набираси қолган. Ўғли йил бўйи Россияда ишлаяпти. Хосият опа деярли 30 йилдан бери ўқитувчилик қилади. Айни пайтда акасига тегишли бўлган, Питнак қишлоғи, «Саяпир» маҳалласи, Пахтазор кўчасидаги уйда набиралари билан яшаяпти.

2004 йилда Хосият опанинг отаси Бозор Маткаримов вафот этиб, ўзига тегишли бўлган эски уйни унга мерос қилиб қолдирган. Бу ҳақда нотариус томонидан тасдиқланган васиятнома бор. Аммо Хосият Маткаримова бу ҳужжатга асосан уйни ўз номига вақтида расмийлаштириб, эгалик ҳуқуқини олмаган. Бунга ҳуқуқий билимсизлиги сабаб бўлганини, бугунги кунда бу хатоси ўзига панд бераётганини афсусланиб тан олмоқда.

2016 йилда Хосият Маткаримова эски уйни бузиб, ўрнида янгисини қуриш учун Ҳазорасп тумани ҳокимлигидан расмий рухсат олади.

«Эски уйнинг ўрнида янгисини қуриш учун рухсат олдим. Кейин бузиб, ерни текислатдим, янгисини қуриш учун тайёр ҳолатга келтириб қўйдим. Бироқ, йўқлигимдан фойдаланиб, кимдир менга тегишли бўлган ҳудудда қурилиш ишларини бошлаб юборган. Кейин билсам, қўшним Орзигул Исмоилова экан. Ҳокимликка бориб арз қилганимдан сўнг, прокуратура, солиқ идоралари ходимлари келиб, ноқонуний қурилишни тўхтатишни талаб қилишди. Аммо ҳеч ким уларнинг гапига қулоқ солмади, қурилиш ишлари тўхтамади», - дейди Хосият опа.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, Орзигул Исмоилова Ҳазорасп тумани ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб, шу жойга эгалик ҳуқуқи ҳақидаги қарорни чиқартириб олишга ҳаракат қилади. Туман архитектура бўлими эса маҳалла фуқаролар йиғини баённомасига асосланиб, бу ҳақда ҳокимликка тақдимнома беради.

2016 йил 11 сентябрь куни ўтказилган маҳалла фуқаролар йиғини мажлиси баённомасига кўра, унда Орзигул Исмоилованинг тоғаси Сапарбой Исмоилов сўзга чиқиб, Орзигулнинг уйи ўша пайтда Бозор Маткаримовнинг уйи билан алмаштирилганини иддао қилгани, унинг гапларга таяниб, йиғилиш Хосият Маткаримовага тегишли бўлган уйни Орзигул Исмоилованики экани ҳақида қарор қабул қилгани ёзилган.

Қизиғи шундаки, бу йиғилишда «сўзлаган» Сапарбой Исмоилов 2011 йилда, мажлис ўтказилишидан 5 йил олдин вафот этган эди. Қандай қилиб марҳум мажлисда иштирок этиб, гапириши мумкин? Буни билмаймиз, аммо бу ҳақдаги баённома қўлимизда бор. Муҳим ҳужжат қалбакилаштирилиши натижасида давлат идорасига нотўғри маълумот берилиб, бошқа бир фуқаронинг манфаатларига зид қарор қабул қилиниши мумкин эди. Аммо бу ўз вақтида аниқланиб, туман ҳокимлиги бундай қарорни чиқармайди.