Жамият | 10:10 / 01.11.2019
5829
3 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги форумда 389 минг нафар аёл ишлаш учун четга чиқиб кетгани тилга олинди

Самарқандда «XXI аср ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда Марказий Осиё хотин-қизлари роли» халқаро форуми ўз ишини бошлади. Форумда Марказий Осиёда хотин-қизларга оид қатор муаммолар муҳокама этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, «Сабр» иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш маркази ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган форумда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғистон ва Қозоғистондаги давлат ва нодавлат тузилмалари вакиллари иштирок этди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, анжуманнинг дастлабки қисмида мутасадди ташкилотлар Ўзбекистонда аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш борасидаги ишлар ва айни кундаги муаммоларга тўхталди.

Гавҳар Алимова, сенатор:

— Фикримизча, аёлларнинг оиладаги муаммоларига, улар дуч келаётган зўравонликларга барҳам бермасдан туриб бу борада катта натижаларга эришиш қийин. Биз илгари ижтимоий зўравонлик ҳолатларини яширганмиз. Аммо энди очиқ айтиш керак. Мисол учун, бир йил давомида битта вилоятда 600 нафаргача эркак алкоголь таъсирида аёлига зўравонлик қилади. Эътибор беринг, биз аёлларнинг муаммолари бўйича аёллар билан ишлаяпмиз. Аммо бунда эркаклар билан ишлаш муҳимроқ. Афсуски, бу борадаги ишлар қийин кечмоқда.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Мамарасулов ҳам бугунги кундаги муаммолар таҳлилини ўртага ташлади:

— Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига юртимиздаги жами банд аҳолининг ҳар уч нафардан бири аёллар ҳиссасига тўғри келади. Йилнинг дастлабки ярмида республикада ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган бўлса, хотин-қизлар ўртасидаги ишсизлик 13 фоизга етади. Яъни, ишсизларнинг 53 фоизи аёлларга тўғри келади.

Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет давлатларга чиқиб кетган 2 миллион 594 минг фуқаронинг 15 фоизга яқини (389 минг нафар) аёллардир. Бу эса ҳануз Ўзбекистонда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар етарли бўлмаётганидан далолат беради, – дейди меҳнат вазирлиги вакили.

Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати мазкур форум Марказий Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ёритиш ва ҳал этишга ижобий таъсир кўрсатадиганларни бирлаштирганини қайд этган. Шунингдек, бу анжуман хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон жамоат ташкилотлари, бизнес ва давлат сектори вакиллари томонидан амалга оширилаётган энг яхши инновацион лойиҳалар тақдимоти учун майдон вазифасини ўташи кўзда тутилмоқда.

Форумда Марказий Осиёда хотин-қизлар аҳволи (гендер тенглик, ҳуқуқлар ва имкониятларни кенгайтириш), уларни қўллаб-қувватлашда инновацион лойиҳалар, молиявий ресурслардан фойдаланишлари имконияти каби ўнлаб масалалар кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид