Ўзбек санъатида биргина қўшиғи ёхуд фильмдаги роли орқали томошабинлар ёдида қолган, аммо кейинчалик турли омиллар сабаб бошқа касб этагини тутганлар кўплаб топилади.
Kun.uz ана шундай инсонларни излаб, улар билан суҳбат уюштириш мақсадида янги «Унутилаётган чеҳралар» лойиҳасини бошлашга қарор қилди.
Илк меҳмонимиз 44 йил аввал кинорежиссёр Дамир Салимов томонидан суратга олинган, ҳақли равишда томошабинлар кўнгил мулки ва ўзбек киносининг олтин фондидан ўрин эгаллаган «Шум бола» бадиий фильмидаги Омон роли ижрочиси, 56 ёшли Саидкарим Саидорипов бўлди.
– Саидкарим ака, таҳририятимизга хуш келибсиз. Сизни топиш ва алоқага чиқиш бироз қийин кечди. Ҳозир техника асри бўлишига қарамай, қўл телефон тутмаслигингизнинг боиси нима?
– Таклиф учун сизларга ҳам раҳмат. Нега телефон ишлатмаслигимнинг сабабини кўпчилик сўрайди. Лекин телефонда гаплашгани одам йўқ (кулади). Дийдорлашиб, суҳбатлашгиси келган ўртоқларимнинг ўзи уйимга келишади. Журналистлар эса укам, жиянларим орқали излаб, топишади. Кўп йилдан бери телефон тутмайман ва бу мени ўйлантирмайди ҳам.
– «Шум бола»га келиб қолишингиз ва Омон ролига тайинланишингиз қандай кечган?
– 1975 йили болалар газетасида Қоравой роли учун танлов эълон қилинган. Мактабда устозимиз Васила Олимхонова ўқувчилар ўртасида кичик синов ташкил этган ва мен ғолиб бўлганман. Шундан кейин улар мени «Ўзбекфильм»га олиб борган. У ерда республиканинг турли ҳудудларидан келган минглаб болалар қатори кино синовда қатнашганман. Сараланган иштирокчилардан охирида Абдурайим Абдуваҳобов иккимиз қолганмиз.
Кўпчилик билса керак, аввалига бош ролга мени тасдиқлашган. Кейинроқ Қоравой роли Абдурайимга топширилди.
– Ўшанда неча ёшда эдингиз?
– 12га киргандим, 1975 йил эди.

- Сьёмка жараёнлари қаерда бўлиб ўтган?















