Ўзбекистон Республикаси президенти барча давлат органи раҳбарларига кечки мажлисбозликларга чек қўйиш, давлат хизматчилари, шу жумладан, раҳбарларнинг шанба куни 17:00дан кейин ишхонада қолмасликлари, якшанба кунлари эса тўлиқ оила даврасида бўлишни назарда тутган ҳолда ишларни ташкил этиш билан боғлиқ аниқ кўрсатмалар берди, деб ёзмоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар орасида:

давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ва хизмат ҳужжат айланиши тизимини такомиллаштириш;

давлат органларида ҳар бир лавозим позициялари бўйича вазифаларни оптималлаштириш, вазифалар дубликатига йўл қўймаслик;

барча даражадаги давлат хизматчиларининг малакаси профессионаллигини ошириш;

«Давлат хизмати тўғрисида» қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш сингари чора-тадбирлар давлат хизматчилари меҳнат фаолиятини тартиблашга қаратилган.

«Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасида қуйидаги принципларга асосланган давлат хизмати тизимини яратиш мақсад қилинган:

ватанпарварлик ва халққа хизмат;

қонунийлик;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

сиёсий нейтраллик;

адолат, ҳалоллик ва холислик;

профессионаллик ва чуқур билимга асосланганлик;

ватанпарварлик ва хизмат вазифасига садоқат;

давлат хизматига қабул қилиш ва юқори лавозимга кўтарилишдаги очиқлик;

давлат хизматчиларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланганлиги ва ҳ.к.

Янги қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг иш вақти масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Унга кўра давлат хизматчисининг иш вақти меҳнат қонунчилиги умум меъёрларига асосланган.