Ўзбекистон | 09:10 / 02.11.2019
9076
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда

Бу йирик тадбирга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон ва Эрон ҳукуматлари раҳбарлари ҳам таклиф этилган.

ШҲТ ҳақида қисқача:

* ШҲТ дунё аҳолисининг деярли ярми яшовчи давлатларни ўзида жамлаган ташкилот;

* Евросиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган  ШҲТ давлатларининг дунё ЯИМдаги улуши 30 фоиздан ортиқроқ;

* Гарчи қамрови жуда кенг бўлса-да, бу ташкилот ҳарбий блок ҳисобланмайди ва милитаристик режалар тузмайди. Аммо шунга қарамай терроризм, сепаратизм, наркотрафик каби трансмиллий муаммоларга қарши кураш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар олиб боради;

* Дастлаб кузатувчи мақомида бўлган Ҳиндистон ва Покистон каби давлатларнинг кейинчалик тўлақонли аъзо бўлиб қабул қилиниши ташкилот нуфузини кескин ошириб юборган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Биринчидан, бу икки давлат атом қуролига эга бўлса, иккинчидан, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги азалий зиддият ечимида ШҲТ учрашувлари яхши майдон бўла олади;

ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши, бош вазирлар (ҳукумат раҳбарлари) кенгаши, ташқи ишлар вазирлари кенгаши каби бир неча йўналишда иш олиб боради. Тошкентда бўлиб ўтаётган тадбир айнан ҳукумат раҳбарлари кенгаши бўлиб, унда асосан иқтисодий режалар, ўзаро шерикчилик асосидаги бюджет каби масалалар муҳокама қилинади. Ҳукумат раҳбарлари кенгашига қабул қилувчи давлат ҳукумати раиси раҳбарлик қилади.

ШҲТ Бош котиби Владимир Норов Тошкентда бўлиб ўтаётган тадбир бўйича қуйидаги фикрларни билдирган: "ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг кенгаши йиғилиши ШҲТ давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, иқтисодий ўсиш суръатини жадаллаштириш, транспорт ва энергетика, саноат соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш имконини беради".

Kun.uz мухбирлари халқаро ОАВ вакиллари билан бирга мазкур тадбир учун махсус ташкил этилган матбуот марказида воқеалар ривожини кузатиб бормоқдалар.

Мавзуга оид