Йиғилишда селекция борасида илмий тадқиқотлар етарлича йўлга қўйилмагани боис уруғликни импорт қилишга тўғри келаётгани ҳақида гапирилди.

«Минерал ўғитлар таъминоти, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш ишлари тизимли ташкил этилмагани ҳам деҳқоннинг ортиқча овора бўлишига олиб келиб, ҳосилдорликни оширишга салбий таъсир қилмоқда», – деди Шавкат Мирзиёев.

Соҳадаги масалалар ечими учун эскирган тизимдан бутунлай воз кечиб, мутлақо янги узлуксиз занжирни яъни, кооперация ва кластер тизимини ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

«Бундай йўл жаҳон тажрибасида ўзининг самарадорлигини исботлади, кластернинг жорий этилиши соҳада юқори натижаларга олиб келаётганини кўрсатмоқда. 

Шу муносабат билан президент Ўзбекистонда бир нечта йирик экспортёр кластер ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш ва даромадни ошириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни аниқ бозор, аниқ молиявий манба билан ишлайдиган тадбиркорга бириктириш зарурлигини таъкидлади.

Хорижий мутахассислар кўмагида ташкил этилган Сурхондарё тажрибаси асосида 55та туманни экспортбоп муайян маҳсулотлар турини етиштиришга ихтисослаштириш вазифаси қўйилди. 

Бундан ташқари, ҳар бир вилоят ва туман ҳокими кластерлар билан мева-сабзавотни тўғри жойлаштиришга, агротехник тадбирларнинг ўтказилишига, етиштирилган маҳсулотни экспортёр ёки қайта ишловчига тўлиқ етказилишига шахсан жавобгарлиги белгиланди.

Молия вазирлигига янги тизим асосида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни рағбатлантириш бўйича молиялаштириш юзасидан таклиф киритиш топширилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш мақсадида янги ташкил қилинаётган кооперациялар негизида 1 гектардан 5 гектаргача ижара асосида ер ажратиб берилади. Янги боғ ва токзорларни барпо этишга «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида 1 триллион сўм йўналтирилади.

Кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида Фарғона водийсининг 22та туманида 31та намунавий кооперация ташкил қилинади. Ҳар бир кооперацияга камида 50 нафардан ишсиз фуқаро аъзоликка қабул қилиниб, уларга фойдаланилмаётган ерлар, субсидиялар ҳамда имтиёзли кредитлар ажратилади.