Ўзбекистон Республикаси президентининг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ–4508-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун олиб ўтиладиган товарларни божхонада расмийлаштириш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, 2020 йилнинг 1 январдан бошлаб:

Нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажда товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажда, шунингдек, почта жўнатмалари орқали ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилганда, улар ишлаб чиқарувчининг ўровида бўлиши мажбурий этиб белгиланди.

Ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан респбуликага олиб киришнинг чеклаган меъёрларидан ортган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундирилади.

Яъни,

·       алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литрдан,

·       барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутидан,

·       атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донадан,

·       қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 граммдан ортган тақдирда — божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.