Жаҳон | 00:46 / 08.11.2019
18409
2 дақиқада ўқилади

Зеленский ишидан ўта толиқишини ва украин тилини мукаммал билмаслигини тан олди

Фото: Reuters

Украина етакчиси Владимир Зеленский президентлик ундан кўп куч олишини ва шу сабабли у кун охирида ўзини “одам эмас, балки шунчаки бир организмдек” ҳис қилишини айтди. Бу ҳақда Зеленский “Президент билан очиқчасига” деб номланган интервьюсида айтиб ўтди.  

“Жуда мураккаб касб, барча кучингни, вақтингни олади ва баъзида ҳеч нарса истамай қоласан. Сен кун якунида одамдан ҳеч нарсани ўйлашни, қилишни истамайдиган ва баъзида оиланг нима ҳақида гапираётганини англамайдиган организмга айланиб қоласан. Бу нафақат мен учун, балки оилам учун ҳам машаққатлидир”, деб тан олган Зеленский интервьюсида. 

Шу билан бирга, у ўз ишидан воз кечиш ниятида эмаслигини айтган. “Радада айтиладигандек, қарор қабул қилинган”, деб қўшимча қилган Украина етакчиси.

Зеленский украин тилини мукаммал билмаслигини, бироқ уни билиш даражасини такомиллаштирмоқчилигини тан олган.

“Украин тилини билиш даражам, ўйлашимча, ўсмоқда. Мен урғулар ва баъзи сўзларни талаффуз қилишимда хатолар борлигини биламан. Яхшироқ гапиришни истайман. Эҳтимол, тилни 100 фоиз мукаммал билишнинг иложи йўқдир. Бироқ мен уни билишга ҳаракат қилмоқдаман, кўпроқ тажриба, кўпроқ гаплашиш керак, яхшиси ақлли одамлар билан”, деб таъкидлаб ўтган Украина президенти. 

Зеленский, шунингдек, рус тилида сўзлашишда ҳам баъзида қийинчиликларга дуч келишини тан олган.

Аввалроқ Украина президенти офиси раҳбари Андрей Богдан Зеленский тиғиз жадвалдан, журналистларнинг ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг салбий муносабатидан чарчаганини айтганди. Богданнинг таъкидлашича, жадал суръатлар президентдан кўп куч ва энергия олади.

Мавзуга оид