Ижтимоий тармоқларда электрон-онлайн аукцион орқали 320 миллион сўмга мулк сотиб олиб, мулкнинг аввалги эгаси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қаршиликка учраётгани ҳақида арз қилган тадбиркор Шавкатжон Юсуповнинг чиқишлари тарқалди.

У ўз чиқишларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аукционда сотиб олинган мулкни ундан олиб қўйиш мақсадида асоссиз равишда унга нисбатан жиноят иши қўзғатиб, уни қамоққа олмоқчилиги, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ваъда берган бўлса-да, жиноят иши бўйича тергов Андижон вилоят прокуратурасидан Наманган вилоят прокуратурасига ўтказилмагани ҳақида гапирган.   

Бош прокуратура ушбу тадбиркорнинг президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан расмий баёнот бериб, у тергов ҳаракатларига жиноятлар содир этганликда гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушлангани ҳақида маълумот берди.

Шавкатжон Юсуповнинг ўзи нима дейди?

Сентябрь ойида электрон-онлайн аукционда 326 миллион сўмга мулк сотиб олган тадбиркор Шавкатжон Юсупов билан прокуратура томонидан гумонланувчи сифатида ушланишидан олдин суҳбатлашган эдик.

«Мен тадбиркорлик қилиш ниятида эдим. Июнь ойида онлайн аукцион савдога қўйилган мулклар билан танишиб, объектлар орасида Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, «Узункўча» қишлоғидаги сут-товар фермасига қизиқдим. Савдодан олдин бориб ферма билан танишиб келдим. Фермада 43 бош қорамол, исссиқхона, бошқа иншоотлар, 16та бино бор экан. Менга маъқул келди (суратларни кўрсатди).

Ферма эгаси Аҳмадилло Ҳамроқулов экан. 3 июнь куни онлайн савдода қатнашдим. Ўзбекистон бўйича 30 киши савдода иштирок этди. Бошланғич баҳоси 200 миллион сўм бўлган ферма нархи кўтарилиб борди ва мен энг юқори нарх - 326 миллион сўмга сотиб олдим.