Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суғуртага тўланган пулдан солиқ олинадими?
2019 йил 1 августдан бошлаб жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга ҳаётини узоқ муддатли суғурталаш бўйича суғурта шартномасининг ҳар бир амалдаги йили учун суғурта мукофотини тўлашга йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари солиққа тортилмайди.
Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Айдос Кошановнинг ёзишича, бунда суғурталанган шахснинг ҳаёти учун суғурта тўловлари шартнома бўйича суғурта муддати бошланган кундан бошлаб камида ўн икки ойдан кейин амалга оширилиши шарт.
Узоқ муддатли ҳаётни суғурталаш шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ва суғурталовчи томонидан суғурталанган шахсга суғурта мукофоти қисман ёки тўла қайтарилган тақдирда, қайтарилган суғурта мукофотининг суммаси жисмоний шахснинг солиққа тортиладиган жами даромадига киритилади. Бунда тўлов манбаидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғини ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиб бериш мажбурияти суғурталовчига юклатилади.
Президентнинг 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755-сонли фармони талабларидан келиб чиқиб, агар суғурталанган шахснинг ҳаёти учун суғурта тўловлари шартнома бўйича суғурта муддати бошланган кундан бошлаб камида ўн икки ойдан кейин амалга оширилса, суғурта мукофотини тўлашга йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари солиққа тортилмайди.
Бундан ташқари, президентнинг 2019 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4412-сонли қарорининг 6-бандида жисмоний шахслар даромадларининг ҳаётни узоқ муддатли суғурталаш (барча тоифадаги ҳаёт суғуртаси соҳаси) бўйича суғурта мукофотларини тўлаш учун Ўзбекистон Республикасида суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга йўналтириладиган қисми юзасидан солиқ имтиёзлари қуйидаги шартларда қўлланилиши белгиланди:
а) суғурта суммаси шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бирйўла тўланганда. Бунда суғурта бадалларини тўлаш суғурта суммасини тўлаш санасидан олдинги 12 ойлик даврда ўсиб бормайдиган тартиб бўйича амалга оширилган бўлиши керак.
Шартнома бўйича суғурталанган шахснинг ҳаётни узоқ муддатли суғурталаш (барча тоифадаги ҳаёт суғуртаси соҳаси) бўйича муайян ёшгача ёки санагача яшашидан бошқача тарздаги суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда суғурта қопламасини ёки суғурта суммасини тўлаш кўрсатиб ўтилган имтиёз қўлланилган ҳолда шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан 12 ой ўтмасдан амалга оширилиши мумкин;
б) рента (аннуитет) тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бошланганда. Бунда жорий рентани (аннуитетни) тўлаш санасида шартнома бўйича ҳақиқатда жамланган маблағлар (захира) суммаси кўрсатиб ўтилган рента (аннуитет)нинг тўрт бараваридан кам бўлмаслиги керак;
в) рентани (аннуитетни) тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан 12 ой ўтмасдан бошланганда. Бунда дастлабки рентани (аннуитетни) тўлаш бошланадиган пайтда ҳақиқатда тўланган суғурта бадаллари суммаси шартнома бўйича суғурта мукофотининг йиллик миқдоридан кам бўлмаслиги керак ва ренталарни (аннуитетларни) тўлаш ушбу банднинг “б” кичик банди талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозимлиги белгиланган.
Қайд этилишича, жисмоний шахслар даромадларининг ҳаётни узоқ муддатли суғурталаш (барча тоифадаги ҳаёт суғуртаси соҳаси) Ўзбекистонда суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга йўналтириладиган қисми юзасидан солиқ имтиёзини қўллаш учун президентнинг юқоридаги қайд қилинган ҳужжатларига амал қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Мавзуга оид
13:12 / 18.06.2026
Президент янги молиявий механизмларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади
11:36 / 01.05.2026
14 та сохта ЙТҲ ва “жабрдийда” Malibu’лар: Тошкентда суғурта фирибгарлиги схемаси фош қилинди
14:58 / 14.01.2026
Ўзбекистонда суғурта хизматлари бозори кескин ўсиш қайд этди
10:06 / 27.11.2025