Президентнинг май ойидаги қарорига асосан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар ОТМга кириш учун 5та фандан имтиҳон топширади.
Саволлар мажмуасининг биринчи бўлимига барча тест топширувчилар учун мажбурий 3та фан: она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари киритилади. Иккинчи бўлимдаги саволлар эса танланган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан иборат бўлади.
Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари учун 2,1 балдан (жами 94,5), таълим йўналишига мос фанлар бўлимидаги тест топшириқлари учун 3,1 балдан (жами 186) берилиши назарда тутилмоқда. Бунда абитуриент тўплаши мумкин бўлган умумий балл 280,5ни ташкил қилади.
Kun.uz мухбири янги тартиб юзасидан тўлиқроқ маълумот олиш учун Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Севара Зупарходжаева билан суҳбатда бўлди.

– Тест тизимига бундай ўзгартиш киритилишининг асосий сабаби нима?
– Биз хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда улардан имкон қадар таълим тизимимизга мос бўлган ва таълимимизнинг ривожланишига ҳисса қўша оладиган жиҳатларни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Жумладан, ўтган 2017-2019 ўқув йилида ДТМ ходимлари Япония, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Қозоғистон каби бир қанча давлатларда бўлиб, уларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиш тизимини ўрганиб чиқди.
Айрим хорижий давлатлар тажрибасида кириш имтиҳонларига она тили ва математика киритилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ёки Туркия каби бошқа қатор давлатларда давлат тарихидан имтиҳон топшириш белгилаб қўйилган.
Бизда ҳам математика, она тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан кириш имтиҳонларида мажбурий тест олинишининг асосий мақсадларидан бири – битирувчиларнинг дунёқарашини кенгайтиришдир.
Охирги йилларда абитуриентлар орасида мақсадли кириш имтиҳонларига тайёрланганда, афсуски, фақат 2та, ҳатто фақат биринчи блокдаги фанни яхши ўзлаштириб, талаба бўламан, деган қараш шаклланиб қолди.
Учинчи блокдаги фандан тайёрланмасдан ҳам, таваккалчилик асосида талаба бўлганлар ҳам бор. Уларни омади келганлар деб аташимиз мумкин. Шунингдек, таваккалчиларни «столбачилар» деб ҳам аташади.

















