2026/27 ўқув йилидан абитуриентларга олтинчи таълим йўналишини танлаш имконияти ҳам берилади. Бу амалиётни кейинги ҳафтадан бошлаш режалаштирилган.
Олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижалари эълон қилинди. 18 август куни Олий таълим ва инновациялар вазирлиги ўтказган матбуот анжуманида қабул натижалари, ўтиш баллари, сертификат ва имтиёзлар, ётоқхона масаласи ҳамда келгусидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Kun.uz анжуманда янграган энг муҳим рақам ва янгиликларни келтириб ўтади.
Жорий йилда давлат гранти бўйича ўртача ўтиш бали 134,6 балл, тўлов-контракт асосида эса 93,7 баллни ташкил этди. Ўтган ўқув йилида бу кўрсаткичлар мос равишда 121,8 ва 84,9 балл бўлган.
Қабул жараёнида сертификатга эга абитуриентлар сони ҳам сезиларли бўлган. Жорий йилда 193 минг нафар абитуриент умумтаълим фанлари, яна 125 минг нафари чет тиллари бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган.
Вазирлик вакили келгусида сертификатга эга абитуриентларга максимал балл бериш тартиби қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирди.
Олтинчи йўналиш очилади
2026/27 ўқув йилидан абитуриентларга олтинчи таълим йўналишини танлаш имконияти ҳам берилади. Ушбу амалиётни август ойининг кейинги ҳафтасидан бошлаш режалаштирилган.
“Олтинчи йўналишда қаерда вакант қолган бўлса ва бу йўналиш абитуриентнинг фанлар мажмуасига мос бўлса – танлаш имконияти очиб берилади. Буни кейинги ҳафтага режа қиляпмиз”, - деди вазир ўринбосари Сардор Ражабов.
Абитуриентлар билими ошди
Жорий ўқув йилида минимал ўтиш балли (максимал баллнинг 30 фоизи) – 56,7 баллдан кам натижа тўплаган абитуриентлар 233 935 нафарни, яъни жами абитуриентларнинг 37,54 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич сўнгги йилларда изчил пасайиб бормоқда. Шу билан бирга, сўнгги йилларда ОТМга ҳужжат топшираётганлар сони ҳам сезиларли қисқарган.















