Ўзбекистон | 11:24 / 13.11.2019
25547
3 дақиқада ўқилади

«Прокуратура тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 9 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган.

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги 746–ХII-сонли Қонуни 10-моддасининг (Прокуратура органларининг тизими) иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси, шунингдек уларнинг жойлардаги бўлинмалари фаолият кўрсатади”.

Ушбу модданинг иккинчи қисми шу пайтгача қуйидаги таҳрирда эди:

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси, шунингдек уларнинг жойлардаги бўлинмалари фаолият кўрсатади”.

18-2-модда (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари) чиқариб ташланди.

46-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“46-модда. Прокуратура органларининг ички хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаси

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси тузилмасида прокуратура органларининг ички хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаси тузилади.

Прокуратура органларининг ички хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаси прокуратура органлари ходимлари томонидан содир этилган хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, коррупция ва эгаллаб турган лавозимига нолойиқ бошқа ножўя хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар бўйича хизмат текширувлари ўтказади, прокуратура органларида ички хавфсизликни таъминлаш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Бош прокуратура ҳайъатининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари, фармойишлари ва кўрсатмалари сўзсиз ижро этилишини таъминлайди”.

50-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Прокуратура органлари ходимларига давомийлиги ўттиз календарь кундан иборат ҳақ тўланадиган йиллик таътил берилади. Ўн йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимларига давомийлиги беш календарь кун, ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга давомийлиги ўн календарь кун, йигирма йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга эса давомийлиги ўн беш календарь кун қўшимча таътил берилади”.

Мавзуга оид