Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига имтиёзларга алоқадор қўшимча киритилиши режалаштириляпти.

Тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Унга кўра, Солиқ кодексига қатор ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Хусусан, 158-модда (Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи. Имтиёзлар) қуйидаги мазмундаги 7-банд билан тўлдирилади:

“7) 2020 йил 1 январдан бошлаб, тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси етти йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича харажатлар суммасига камайтирилади”.

168-модда (Жисмоний шахсларга - Ўзбекистон Республикасининг норезидентларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари) қуйидаги мазмундаги 2-қисм билан тўлдирилади:

“2020 йил 1 январдан бошлаб, “Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмаларининг хорижий консультантлари, шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарида меҳнат фаолиятини юритаётган хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикасидаги даромад манбалари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини унинг белгиланган ставкасидан 50 фоиз миқдорида тўлайди”.

269-модда (Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ. Имтиёзлар) 2-қисми қуйидаги мазмундаги 6-банд билан тўлдирилади:

“6) 2020 йил 1 январдан бошлаб, ҳисобот даври натижалари бўйича ялпи тушумнинг умумий ҳажмида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларининг экспорти 60 фоиздан кам бўлмаган экспорт улушига эга бўлган корхоналар 2023 йил 1 январга қадар мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади”.