Ўзбекистон | 11:29 / 15.11.2019
21124
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк карталар банклар томонидан тўсатдан блокланишига изоҳ берди

Фуқаролар томонидан банк карталари банклар томонидан блокланганлиги бўйича эътирозлар билдирилмоқда. Ўзбекистон Марказий банки ушбу эътирозлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан махсус хабарнома билан чиқди.

Қайд этилишича, банклар томонидан фуқароларга уларнинг банк карталари бўйича ҳисобварақлари блокланганлиги ёки хатланганлиги ёхуд ушбу ҳисобварақлар орқали амалиётлар ўтказилиши тўхтатиб қўйилганлиги тўғрисида хабарнома юборилмаслиги, мижозларга депозит хизматлари кўрсатишдаги инсофсиз банк амалиётларининг элементи ҳисобланади.   

“Марказий банк нуқтаи назарига кўра, ҳар бир омонатчи (банк картаси эгаси) банк томонидан депозит хизматларини кўрсатиш шартлари ўзгарганлиги, шу жумладан депозит ҳисобварағи блокланганлиги ёки хатланганлиги сабабли банк унга ўз вақтида хабарнома етказишини умид қилишга ҳақлидир. Банк эса ўз навбатида, мижозлар билан ўзаро муносабатларни этик хулқ-атвор нормаларга амал қилган ҳолда олиб бориши ҳамда уларнинг ҳисобварақлари билан боғлиқ амаллар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилишлари лозим”, - дейилади хабарномада.      

Билдирилишича, шунга кўра, жорий йилнинг 26 октябрь куни Марказий банк бошқаруви томонидан қонун ҳужжатига киритиладиган ўзгартиришлар тасдиқланди. 

Унга кўра, банк томонидан мижознинг банк ҳисобварағи ва (ёки) банк омонати, шу жумладан, банк карталари бўйича (банк карталаридан фойдаланаётган пайтда “PIN-код”ни нотўғри терилиши оқибатида блокировкага тушган ҳолатлар бундан мустасно) амалиётлар тўхтатиб қўйилганда, амалиёт тўхтатилган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ҳисобварақ ёки омонат эгасига унинг ҳисобварағига хизмат кўрсатиш тўхтатилганлиги ва унинг сабаблари юзасидан хабарнома юбориши шарт.  

Таъкидланишича, ҳозирги пайтда мазкур ўзгартиришлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига йўлланган.

Мавзуга оид