Ўзбекистон | 18:40 / 15.11.2019
3822
2 дақиқада ўқилади

Успенский лицейининг юбилейи муносабати билан хайрия концерти ўтказилади

16 ноябрь куни Тошкентда Успенский номидаги мусиқага ихтисослаштирилган академик лицейнинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан хайрия концерти бўлиб ўтади. 

Республикадаги энг йирик мусиқий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Успенский номидаги академик лицейнинг 80 йиллик юбилей санаси муносабати билан, 16 ноябрь куни «Ўзбекистон» халқаро форумлар саройида хайрия концерти бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълум қилди.

Концерт меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, мусиқа мактаби ва лицейи ўқувчилари учун хайрия асосида ўтказилади. Шунингдек, концертга маданият ва бошқа ижодий соҳа вакиллари таклиф этилган.

Концертда халқаро мукофотлар лауреати, АҚШдаги халқаро мусиқа маркази резиденти Беҳзод Абдураҳимов Миллий симфоник оркестр билан бирга Чайковскийнинг биринчи концертини ижро этиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Беҳзод Абдураҳимов – жаҳоннинг энг машҳур ёш пианиночиларидан бири. Замонанинг таниқли дирижёрлари билан ҳамкорлик қилган. Нью-Йоркнинг асосий концерт зали ─ Карнеги-ҳоллда мусиқа ижро этган.

«Тошкентни Марказий Осиёнинг маданий пойтахтига айлантириш – менинг орзум. Тошкентда халқаро аҳамиятга эга мусиқа фестивалига асос солишни, жаҳон юлдузларини бу ерда жамлашни истайман», ─ дейди 29 ёшли пианиночи.

Виктор Успенский номидаги мусиқага ихтисослаштирилган академик лицей 1939 йилда Тошкент давлат консерваторияси қошида ташкил этилган бўлиб, болалар ва ўсмирларга мусиқий таълим бериш бўйича республиканинг энг нуфузли муассасаларидан ҳисобланади. Лицей 9 йиллик мактаб ва 3 йиллик лицей таълимини қамраб олиб, мусиқанинг тўққиз йўналишида таҳсил беради.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид