Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби ўрнатилади.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, солиқ органи томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида ўтказиладиган солиқ назорати жараёнини қайд этиш мақсадида, далилларни қайд этиш учун баённома тузиш билан бир қаторда назорат тадбири жараёни видеотасвирга олинади.
Солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирида солиқ тўловчиларга қарашли муайян тартибга бўйсунувчи объектларни видеотасвирга олиш қонунчиликда тақиқланмаган ҳолларда амалга оширилади.
Солиқ органи томонидан солиқ тўловчи тўғрисида олинган ҳар қандай маълумот солиқ сирини ташкил этади (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно). Солиқ органига келиб тушган, солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар сақлаш ва фойдаланишнинг махсус режимига эга бўлади.
Назорат тадбирини видеотасвирга олиш жараёнида солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:
а) солиқ тўловчи ва унинг вакилларининг ҳуқуқлари:
солиқ органининг назорат тадбири ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан танишиш;
назорат тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха олиш;
б) видеотасвирга олиш жараёни иштирокчилари бўлган бошқа шахсларнинг мажбуриятлари:
солиқ органи мансабдор шахсларининг назорат тадбирини видеотасвирга олишига тўсқинлик қилмаслик;
назорат тадбири жараёнида ўзига маълум бўлган солиқ тўловчи ва унинг фаолиятига алоқадор ахборотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Назорат тадбирлари жараёнини видеотасвирга олиш солиқ органининг назорат тадбири ўтказиш тўғрисидаги буйруғи асосида амалга оширилади.
Солиқ органи томонидан қуйидаги назорат тадбирларининг видеотасвирга олинишига йўл қўйилади:
давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан, контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни муомалага киритиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ўтказиладиган назорат тадбирларида;
яширин ишлаб чиқариш цехлар, товарларни ноқонуний сақлаш учун ташкил этилган омборхоналар фаолиятига чек қўйишга қаратилган назорат тадбирларида;
савдо, назорат-касса машиналари (виртуал кассалар) ва тўлов терминалларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ўтказиладиган назорат тадбирларида;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа назорат тадбирларида.
солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо ҳамда бошқа биноларини, шу жумладан жойларни кўздан кечириш, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказишда;
солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан амалга оширилган ҳуқуқбузарлик фактини қайд этишда;
назорат хариди билан бошланадиган текширишларда харид кузатувини амалга оширилиши, назорат касса машинаси (виртуал касса) ҳамда тўлов терминаллари кўрсаткичи бўйича ҳисоботларни олиниши ҳамда хазинадаги пул маблағларини саноқдан ўтказилиши жараёнини кузатишда;
солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан текшириш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;
солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан текшириш ҳужжатларига имзо қўйишдан бош тортилганда;
солиқ тўловчи ва унинг вакиллари ёки бошқа шахслар томонидан солиқ назоратини амалга оширишда тўсқинлик қилинганда;
солиққа оид ҳуқуқбузарлик предметлари (нарса ва ҳужжатлар), иш бўйича ашёвий далиллар олиб қўйилганда;
солиқ тўловчи ёки унинг вакилларининг талабларига кўра;
зарур бўлганда ҳужжатлар нусхаларини тайёрлашда ҳамда иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолларда.
Назорат тадбирини видеотасвирга олиш солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда амалга оширилади.
Видеотасвирга олиш вақти назорат тадбирида солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо ҳамда бошқа биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиш, ишга доир ашёвий далилларни, предметларни (нарса ва ҳужжатларни) олиш жараёни давомийлигида амалга оширилади.
Солиқ органи томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида ўтказиладиган назорат тадбири жараёни видеотасвирга олинган ҳолларда холисларнинг иштирок этиши талаб этилмайди, қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.
Назорат тадбири натижаси бўйича тузилган далолатномада (баённомада, маълумотномада) тадбир жараёнини видеотасвирга олиш мосламаси, видеотасвирга олинган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Солиқ органи томонидан ўтказилаётган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олишда солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари, шунингдек бошқа шахслар томонидан тўсқинлик қилинганда ва қаршилик кўрсатилганда солиқ органи ходими мазкур ҳолат юзасидан далолатномани (баённомани) расмийлаштириб, тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларини назорат тадбирида иштирок этишга жалб қилишга ҳақли.