Жамият | 07:46 / 16.11.2019
15490
2 дақиқада ўқилади

Бозор олдидаги йўлларда кузатилаётган тирбандлик - муаммо биргина Қўшработда эмас

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги марказий деҳқон бозори олдидаги тирбандлик транспорт ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда.

Гарчи йўл ўртаси бетон тўсиқ билан ажратилган, ҳар икки томонга икки полосадан жами тўрт полоса йўл ўтган бўлса-да, бозорлик қилиш учун келган харидорларнинг машиналари йўл четига тартибсиз жойлаштирилганлиги туфайли йўл қисилиб қолган.

Ҳаттоки ЙПХ ходимлари ҳам бу ерда тартиб ўрнатишга ожиз. Харидорлар машинасини шунчаки йўлнинг ўртасига ташлаб бозорга кириб кетишганига гувоҳ бўласиз. Балким сотувчиларникидир? Ким билади дейсиз…

Бундай тирбандликдан ўтиб олишнинг ўзи азоб. 500 метрча чиқадиган қисқагина масофада камида ярим соат вақтингиз йўқ бўлади. Бораётган жойингизга кечикасиз. Йўлдаги қатнов қисми арава ҳам, эшак арава ҳам, Зарметан конидан келаётган катта юк машиналари ҳам қўшилиб, вазиятни янада оғирлаштиради.

Ҳозир жуда кўп оилада техника ва транспорт бор. Биламиз, бу ҳолат биргина Қўшработ туманида рўй бераётгани йўқ. Қарийб ҳамма жойда шу аҳвол. Туманлардаги бозорларни лойиҳалаштиришда автомашиналар учун тўхташ жойлари ҳам лойиҳалаштирилишига жиддий эътибор бериш вақти келмадими?

Қачон жойларда шаҳарсозлик талабларига риоя қилина бошланади?

Мавзуга оид