Kun.uz марказий давлат органлари раҳбарлари билан соҳавий мавзулардаги интервьюларини давом эттиради.
Навбатдаги суҳбатдошимиз – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов бўлди.
– Нега санитария-эпидемиологик тармоқ иккига ажратилди?
– Жорий йилнинг 9 сентябрида президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Унга мувофиқ, давлат санитария-эпидемиологик марказлари негизида иккита тизим – Назорат инспекцияси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги шаклланадиган бўлди.

Шу пайтгача тизимнинг вазифалари битта органда мужассамлашган эди. Яъни ишлаб турган тизим ҳам ижро, ҳам бошқарув функциясини олиб борарди. Сабаби, соғлиқни сақлаш ташкилотига тааллуқли бўлган 5000дан ортиқ даволаш муассасалари ҳам эпидемиологик жиҳатдан катта аҳамиятга эга.
ДСЭНМ Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибида бўлгани учун ушбу муассасалардаги эпидемияга қарши ҳамда профилактик чора-тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, текшириш, уларни ўз вақтида бартараф қилиш ёки қарши курашишда турли муаммоларга дуч келаётганди. Бу тизимли муаммолар, «манфаатлар тўқнашуви» вужудга келганди.
Шунинг учун раҳбариятимиз томонидан ушбу тизим чуқур ўрганилиб, Вазирлар Маҳкамаси қошида Санитария-эпидемиология назорат инспекциясини ташкил қилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибида ижро функцияси билан боғлиқ бўлинмалар, бу – эпидемияларга қарши курашиш бўлинмалари, иммунопрофилактика бўлинмалари, ташқи муҳит, инсонлардан ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан олинадиган намуналарнинг хавфсизлик кўрсаткичлари текшириладиган лабораториялар қолдирилиб, агентлик сифатида фаолият олиб бориши юзасидан топшириқлар берилди.
– Ўзбекистондаги умумий эпидемиологик вазият бўйича маълумот берсангиз.

















