Ўзбекистон | 11:00 / 17.11.2019
35866
2 дақиқада ўқилади

«Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади» — АОКА Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдиди бўйича маълумот тўпламоқда

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни йўқ қилиш, гейга чиқариш билан таҳдид қилгани ҳақидаги аудиоси бўйича ўрганиш олиб борилгани ва айни вақтда тегишли чоралар кўрилаётгани ҳақида маълум қилди.

«Охирги соатларда кўплаб юртдошларимиз, журналист ва блогерларимиз интернетда тарқалган, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган аудиоёзув юзасидан изоҳ беришимизни сўраб мурожаат қилишмоқда.

Шуни маълум қиламанки, биз вазиятдан хабардормиз ва бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда. Тўпланган барча маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади ва уларнинг хулосалари асосида муайян тўхтамга келинади.

Ишонамизки, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган мазкур давлат органлари томонидан ушбу масалага муносиб ҳуқуқий баҳо берилади.

Журналист ва блогерларимиздан вазиятга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар ҳиссиётларга берилмаслик, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликни сўраймиз.

Таъкидлашни истар эдимки, ким томонидан эканидан қатъи назар, тўртинчи ҳокимият — журналистлар ҳақида айтилган бундай фикрлар ўта ёқимсиз ҳолат ва бунга жим қараб туриш мумкин эмас. Бу — давлат сиёсати ва жамиятда ўрнатилган қоидаларга мутлақо зиддир.

Биз ўз позициямизда қатъиймиз — юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимоясида. Уларнинг ҳуқуқлари бузилгани ўз тасдиғини топган тақдирда, албатта тегишли чоралар кўрилади», дейилади Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаевнинг телеграмдаги каналида.

Бундан аввалроқ, «Адолат» социал-демократик партияси ушбу ҳолатга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳимоявий чора кўрилишига умид билдирганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид