Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани, Ўртаёп қишлоғидаги «Адолат» маҳалласи аҳолиси «Обод маҳалла» дастури асосида таъмирланиши керак бўлган йўлларда ишлар охирига етказилмай қолганидан шикоят қилишмоқда. Одамлар йўлларнинг таъмирлаб берилишини сўрамоқдалар.

2018 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Обод маҳалла» дастури тўғрисида»ги фармони имзоланди. Унда маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш асосий вазифалар экани белгилаб қўйилган.
Фармон доирасида Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани, Ўртаёп қишлоғидаги «Адолат» маҳалласи ҳам «Обод маҳалла» дастурига киритилди.

Ўртаёп – Хоразм вилоятининг чекка ва катта қишлоқларидан бири. Унинг «Адолат» маҳалласида 2900га яқин аҳоли истиқомат қилади.
2019 йил давомида «Адолат» маҳалласида бу дастурни амалга ошириш учун кенг кўламли ишлар бажарилди. Хусусан, 23-сон умумтаълим ўрта мактабининг 120 ўринга мўлжалланган қўшимча биноси қурилди. Натижада, мактабнинг сиғими 534 ўринга етди. Бундан ташқари, мактаб юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди.

19-сон мактабгача таълим ташкилоти (болалар боғчаси) тўлиқ таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Аммо жиҳозлар йўқлиги боис, ҳали ишга туширилгани йўқ. Жиҳозлар билан қачон таъминланиши эса номаълум.

Электр симёғочлари, симлари алмаштирилди, янги трансформатор ўрнатилди. Аҳоли сўзларига кўра, электр энергияси таъминоти ҳам анча яхшиланди. Уй-жойларининг фасад қисми таъмирланди. Кам таъминланган оилаларнинг уйлари эса ҳомийлик асосида таъмирланиб, томи ёпиб берилди.


















