Санъаткорларнинг «Ўзбекконцерт» билан зиддиятлари одамларда «лицензия» сўзига нисбатан бирмунча салбий қараш шаклланишига олиб келди. Шу боисдан бўлса керак, Жаҳонгир Отажонов ва бошқа бир неча ижодкорга лицензияси қайтариб берилганидан 10 кунча ўтиб, ўқитувчилар фаолиятини мажбурий лицензиялаш ҳақида чиққан хабар ижтимоий тармоқларда турли қарама-қарши фикрларга сабаб бўлди.

Кимдир лицензия ўқитувчилар елкасига юкланган оғир юк, коррупцияга йўл очади, дея фикр билдирса, бошқалар унга кафолат, ҳимоя сифатида қарамоқда.

Сиёсий партиялар қанақа фикрда?

6 ноябрь куни халқаро матбуот марказида шу мавзу кўтарилган эди. ЎзАнинг ёзишича, унда сиёсий партиялар вакиллари масалага ўз муносабатларини билдирган.

«Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Мунира Қаҳҳорова: «Ўқитувчиларни лицензиялаш таълим соҳасида коррупцияни вужудга келтиради. Ўқитувчилар фанга меҳр бериш ўрнига фақат лицензия олишни ўйлаб қолади. Ўқитувчининг ўз фанига бўлган меҳри йўқолади. Шу боис бизнинг партия Халқ таълими вазирлиги томонидан илгари сурилган ўқитувчиларни лицензиялашга қарши».

«Адолат» социал-демократик партияси лидерининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Баҳром Бурхониддинов: «Ўқитувчиларни лицензиялаш, сертификатлаш қоғозбозликни кўпайтиришдан бошқа нарса эмас. Таълимдаги муаммоларни бу йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Мактаблараро ва ўқитувчилар ўртасида рақобатни кучайтириш лозим».

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакилининг айтишича, Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни лицензиялаш ҳақида эълон қилишдан олдин Қонунчилик палатаси билан келишмаган. Шунингдек, ўқитувчиларни лицензиялаш монополияни келтириб чиқариши мумкин.

Жамоатчилик муносабати қандай?

Президент қарори лойиҳаси 25 октябрда муҳокамага қўйилган эди. Порталда лойиҳа юзасидан турли фикр ва саволлар қолдирилган.

Комил Жалилов: Лицензияни ким, қандай асосда беради? Олий таълим берган диплом-чи, у бир парча қоғозга айланадими? Лицензия бериш-бермаслик ким томонидан, қандай мезонлар асосида қабул қилинади? Лицензияси бўлмаган ўқитувчи қаерга боради?