«Бизда олий таълим муассасаларида анъанага айланиб улгурган «НБ» деган нарса йўқ! Институтимизда ўқитувчилар дарс бошланганда талабаларни йўқлама қилишмайди. Сабаби биз «Ўқи!» деб талабаларнинг орқасидан юрмаймиз. У пул тўлаб таҳсил оляптими, институтга ўқийман деб келиши, ўзи учун ўқиши керак.

Ўқийдиган талабани қўллаб-қувватлаймиз. Институтимизнинг ўқув корпуслари, моддий-техник базаси жаҳон даражасида. Талабаларга йўналиши бўйича етарли билим олиши учун ҳамма нарса бор. Фақат ўқишса бўлгани. Эртага SKILLS ва KNOWLEDGE бўлса, талабага дипломни берамиз. Талаба институтимизни муваффақиятли тугатса, у эртага бизнинг юзимиз. Шуларнинг орқасидан бошқалар ўқишга келади», дея Жанпўлат Кудайбергеновнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Янгиланаётган жамиятда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги конференциясида ректор Ўзбекистонга энди хусусий олий таълим муассасалари кириб келаётгани жуда яхши ҳодиса экани, бу албатта олий таълим соҳасидаги рақобатга ижобий таъсир қилишини қайд этиб ўтди.