Самарқандда 22–23 ноябрь кунлари Invest in Samarkand Биринчи халқаро инфестиция форуми ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур форумда умумий суммаси 1,3 миллиард АҚШ доллари бўлган 146та битим ва меморандумлар имзоланган.
Форумда Испания, Хитой, Россия, АҚШ, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркия ва бошқа жами 31 давлатдан 310 нафар вакил иштирок этди.
Форум қатнашчиларини Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов табриклаган.
Тадбирда Италиянинг Ломбардия ҳудуди губернатори Атиллио Фонтана ҳам қатнашди.
Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, Аттилио Фонтана ҳам Ўзбекистонга ташрифи ҳар томонлама самарали бўлаётганини қайд этиб, жумладан, Самарқанд вилояти билан илмий-техникавий, замонавий инновациялар бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. Икки вилоят ўртасидаги алоқаларни изчил йўлга қўйиш учун Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва вилоят ишбилармонларини Ломбардияга таклиф қилган.

Форум доирасида секциявий ялпи йиғилишлар ўтказилди ва унда капитал қўйилмалар учун Самарқанднинг инвестицион имкониятлари ва жозибадорлиги, туристик саноатни иқтисодиётнинг стратегик соҳасига айлантириш масалалари муҳокама этилди.
Бундан ташқари, қурилиш саноатини, импорт ўрнини босувчи соҳалар салоҳияти ва уларни ривожлантиш истиқболлари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари кўтарилди.
Тадбир якунларига кўра, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Испаниянинг Real Madrid қироллик футбол клуби билан Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси кўмагида вилоятда Real Madrid футбол академиясини очиш жараёни бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича битим ҳам имзоланган.



















