Жамият | 13:08 / 25.11.2019
19394
2 дақиқада ўқилади

Яна бир хусусий бандлик агентлигининг лицензияси тўхтатилди. 633 млн сўм ўзлаштириб юборилгани айтилмоқда

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда яна бир хусусий бандлик агентлигининг лицензияси тўхтатилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, “Navoiy xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахслари хорижда ишга жойлашиш истагида агентликка мурожаат қилган жами 211 нафар фуқарони Жанубий Корея Республикасида малака талаб қилинмайдиган бўш иш ўринларига ишга юбориш, уларга 2 минг АҚШ доллари миқдорида ойлик иш ҳақи берилишига ишонтирган.

Бироқ, вазирлик маълумотида айтилишича, ушбу шахслар фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг ҳар биридан 3 млн. сўмдан жами 633 млн. сўм олиб, пул маблағларини ўзлаштирган ва белгиланган муддатда фуқароларни ишга юбормаган.

Республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ушбу маълумот юзасидан ҳозирча расмий изоҳ билан чиққани йўқ.

Бундан олдин, юзлаб одамларни чув туширган яна бир хусусий бандлик агентлигининг лицензияси тўхтатилганди.

Ўз навбатида, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Сарвар Каримовнинг айтишича, 3та хусусий бандлик агентлигига жиноий иш очилган, 8та лицензия бекор қилинган.

Мавзуга оид