15:35 / 27.11.2019
0
10755

Фото: «Брюгге»нинг икки футболчиси голни нишонлашда «ошириб юборгани» учун четлатилди

Чемпионлар лигасининг «А» гуруҳида «Галатасарой» «Брюгге»ни қабул қилди. Ўйиннинг 11-дақиқасида майдон эгалари ҳисобни очишди - Адам Буюк ноқулай вазиятда турган бўлсада меҳмонлар дарвозасини ишғол этди.

Ҳисобда олдинга чиқиб олган турклар ўйиннинг қолган қисмида ғалабани сақлаб қолиш учун ўйнашди, бельгияликлар эса рақиб дарвозаси томон босимни кучайтиришди. Меҳмонларнинг ҳужумлари ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқадагина самара берди, Крепин Дьятта жарима майдони ташқарисидан кучли зарба билан ҳисобни тенглаштирувчи голни урди.

«Брюгге» футболчилари голни нишонлаш учун майдон бурчаги томон югуришди, гол муаллифи либосини ечди, унинг ҳамроҳи Клинтон Мата бурчакдаги байроққа сакраб тепиб, уни синдирди.

Натижада ўйин ҳаками Иван Кружляка аввалига Дьяттега иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, уни майдондан четлаштирди, кейин Матага тўғридан-тўғри «қизил» кўрсатди.

Ғалабага тенг бу дуранг туфайли «Брюгге» учинчи ўринни сақлаб қолди Европа Лигаси йўлланмаси учун яхши имконият ҳосил қилди. Агар сўнгги турда «Галатасарой» «ПСЖ»ни сафарда мағлуб этмаса, «Брюгге» ўз майдонида «Реал»га қарши ўйинда қандай натижа қайд этишидан қатъи назар Европа Лигаси плей-офф босқичига йўл олади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top