Жаҳон | 11:30 / 27.11.2019
6324
2 дақиқада ўқилади

Путин ва Зеленский декабрда Парижда юзма-юз учрашиши мумкин

9 декабрда Парижда Донбасс бўйича “норманд тўртлиги” саммити доирасида Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг алоҳида учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди. 

Парижда Россия, Украина, Германия ва Франция етакчилари Украина шарқидаги ихтилофни тартибга солиш мақсадида 2016 йилдан бери илк бор учрашадилар.  

Манбалардан бирининг хабар беришича, Зеленский учрашув вақтида Москвада 2020 йилда ўтадиган Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги нишонланишига таклиф этилиши мумкин.

Путин “норманд тўртлиги” доирасида 2016 йилда Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко билан ҳам учрашган. Ўшанда икки етакчи ўртасидаги суҳбат 40 дақиқадан кўпроқ давом этган.

Томонлар “норманд тўртлиги”нинг навбатдаги учрашувида Донбассдаги ихтилофни тартибга солиш бўйича қадамлар белгиланиб олинадиган ҳужжатни қабул қилишлари кутилмоқда.

Таъкидланишича, Москва ва Киев ўртасида Донбассдаги вазиятдан ташқари муҳокама қилиш учун яна талайгина масалалар бор. Жумладан, Россия ва Украина ўртасида ҳозирда тўғридан-тўғри авиаалоқа йўқ. Шунингдек, икки давлат ҳудуди устидан ўзаро парвозлар тақиқланган. Бироқ энг ўткир муаммолардан бири – газ масаласи бўлиб, Украина орқали Россия газини Европага транзит қилиш муаммоси ҳамон ечимини топмаган. 

Мавзуга оид