Ўзбекистонда Мактабгача таълим ташкилотлари тизимини ривожлантириш, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига жалб этиш, мактабга тайёрлаш масалалари таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири деб қаралмоқда. Баркамол авлодни тарбиялаш учун, энг аввало, қулай шароитлар яратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур соҳадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ҳозирги замон талаблари ва стандартлари асосида ривожлантириш, уларни реконструкция ва модернизация қилишга қаратилаётган эътибор замирида ҳам келажагимиз эгаларининг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишлари ҳамда буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб вояга етишларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурида кенг кўламли стратегик мақсадлар, муҳим вазифалар белгиланганлиги билан аҳамиятлидир.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 августдаги “Мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги 786-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Мактабгача таълим вазирлигининг ташаббуси билан янги лойиҳа ишлаб чиқилиб “Ақлвой” деб номланди.
“Ўзавтосаноат» АЖ томонидан тайёрланган мазкур кўчма мактабгача таълим ташкилоти автобусга жойлаштирилган бўлиб, асосан, республикамизнинг энг чекка қишлоқларида болалар боғчаси қуришнинг имкони бўлмаган ҳудудлар ҳамда овулларга мўлжалланган. Бу эса мактабгача таълим тизимига қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлаш учун хизмат қилади. Аҳамиятлиси шундаки, бу каби кўчма мактабгача таълим ташкилотлари юртимизда илк бор татбиқ этилмоқда.


Ҳар бир вилоятнинг ўзига хос хусусияти ҳамда географик жойлашувидан келиб чиқиб 16 дона автобуслар белгиланган манзилларга юборилган эди.
Шулардан бири “Ақлвой” Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида ўз иш фаолияти бошлади. Ота оналар ва болажонларнинг қувончи чексиз. Учкўприк туманидаги энг олис қишлоқлар ҳисобланган Юлғунзор, Суюнчол, Тўқсонқовун қишлоғидаги мактабгача таълим тизимига қамраб олинмаган 96 нафар болаларни ўз ичига қамраб олди.


















