Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.
Ёзнинг биринчи куни дунёнинг деярли барча мамлакатларида келажагимиз эгалари учун турли концертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ўтказилади. Истироҳат боғлари эса болаларнинг табассумлари билан гўёки мўъжизалар дунёсига айланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади. Сабаби Ўзбекистон – болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон қўшилган илк халқаро шартномалар қаторида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан сўнг айнан Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция туриши ҳам бунинг яққол исботидир.





Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг мактабгача таълим соҳасига бераётган эътиборларини ҳам бу борада олиб борилаётган ишларнинг энг тўғри ва самарали йўли сифатида айтиш мумкин.
2017 йилнинг 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Мазкур ҳуқуқий асосга кўра, мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим сифати – эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала. Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш фақатгина янги ташкил этилган вазирликнинг вазифаси эмас, барчамизнинг энг муҳим вазифамиз бўлиши керак”, деган сўзларини дастурга айлантирган фарғоналиклар 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида яна бир ишга қўл уришди.

























