Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Kun.uz’га берган интервьюсида 2021 йилгача барча болалар мактабга таълим билан қамраб олинишини таъкидлаб ўтди.
— Сиз раҳбарлик қилаётган вазирликда бу йил қўл урилган янгиликлардан бири кузатув кенгашлари. Буни ишга тушганига кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин албатта қайта реакция бўлган бўлиши турган гап. Ота-оналарнинг мазкур тизим ҳақидаги фикрлари қандай?
— Кузатув кенгашлари мактабгача таълим тизимида мутлақо янгилик бўлди. Чунки кузатув кенгаши ўз зиммасига мактабгача таълим тизимини назорат қилиш функциясини олди. Мактабгача таълим муассасаси мудири бир йилда икки марта нафақат мазмун ёки тарбиявий қисм бўйича, шунингдек у молиявий фаолият бўйича кузатув кенгаши олдида ҳисобот бериши янгиликдир. Мактабгача таълим муассасаси мудираси лавозими ҳам сайланадиган лавозимга айлантирилди. Илгари болалар боғчаси мудиралигига тепадан бирор киши тайинланган бўлса, энди фақат кузатув кенгаши бу лавозимга тавсия бериш ҳуқуқига эга бўлмоқда.
— Буларнинг барчаси шаффофликни ошириш, тизимда коррупцияга барҳам бериш учун қилинаётган бўлиши керак…
— Шубҳасиз. Шу вақтгача ота-оналар боғчалар фаолиятидан четда бўлган, уларнинг функцияси боғча учун тўловни ўз вақтида амалга оширишдан иборат бўлган. Энди уларнинг ўзлари бевосита таълим, молия ва таъминот жараёнида иштирок этишади ва ўз-ўзидан ота-оналар ҳам таълим жараёни субъектларига айланишади. Бу жуда муҳим.
— Ота оналарни болаларнинг таомланиши каби масала ҳам ташвишлантиради…
— Албатта, бу жуда оғриқли масала. Мен интервьюни бошида ҳам овқатланишни ташкиллаштириш тизими ўта оғир аҳволда бўлганини таъкидлаб ўтдим. Чунки жамики моддий-техника базалари, бизнинг ошхоналаримиз бирор марта янгиланмаган. Музлатгичлар эскирган, уларнинг аксарияти ишламайди. Печкалар ҳам оғир аҳволда. Буларнинг барчаси заҳарланиш ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлган. Лекин биз фактларни яширмаймиз, чунки бир йилнинг ичида бу масалалар ва муаммоларнинг барчасини ҳал қилиш амалда имконсиз.
Бундай ҳолатда тизимли ёндашув керак бўлади. Мен фурсатдан фойдаланиб бизга дўстона кўмак қўлини чўзган барча идоралар ва ташкилотларга ташаккур билдирмоқчиман. Мен ҳозир уларнинг барчасини номма-ном санаб ўтирмайман. Чунки рўйхат жуда узун.
Овқатланишни ташкил этиш жуда оғриқли масала дедим. Биз бу жабҳадаги коррупцион моментларни бартараф этишимиз керак. Педагогик таркиб ва тарбиячилар учун шундай шароит яратишимиз керакки, у ўз статусини ҳурмат қилсин. Биз босқичма-босқич шу йўналиш бўйлаб борамиз. Бу муносиб ва жуда яхши ойлик иш ҳақи бўлади. Шундагина ўша нохуш ҳолатларга барҳам берилар.

















