Ўзбекистон | 13:20 / 03.12.2019
18341
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аэропортлар бошқарувини Sumitomo Corporation’га топшириш масаласини кўриб чиқмоқда

Фото: KUN.UZ

Жорий йил 3 декабрь куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси қатор илғор япон компаниялари – Mitsubishi Corporation компаниясининг катта вице-президенти ва ижрочи директори К.Ота, Mitsubishi Heavy Industries компанияси катта вице-президенти К.Терасава ҳамда Sumitomo Corporation компаниясининг бошқарувчи ижрочи директори Т.Акимото билан учрашув ўтказди.

Mitsubishi Heavy Industries компанияси ҳозирда аммиак ва карбамидни юқори технологияли ишлаб чиқариш объектини қуришда иштирок этмоқда – компания раҳбарияти билан ўтказилган навбатдаги учрашув лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бўлган қатор амалий масалаларни кўриб чиқишга, уларнинг эҳтимолий ечимларини муҳокама қилишга ва келгуси муносабатлар алгоритмини ишлаб чиқишга имкон яратди, дейилади вазирлик хабарида.

Sumitomo Corporation компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбатда ҳудудий аэропортларни модернизация қилиш ва уларни бошқариш, саноат ва транспорт-логистика инфратузилмаси объектларини ташкил қилиш ҳамда қуёш, шамол ва иссиқлик электростанцияларни қуриш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширишда шерикчилик имкониятлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, лойиҳаолди таклифларни (Pre-FEED) ишлаб чиқиш борасида техник ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида томонлар келишувларнинг техник ва молиявий қисмларини тезкор ишлаб чиқиш ва Японияга кутилаётган юқори даражадаги ташриф доирасида имзолаш учун аниқ келишувларни шакллантириш мақсадида, биргаликда олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Мавзуга оид