Бугунги кунда турли хусусий корхоналарда меҳнат шартномасисиз, оғзаки келишув билан ёлланма тарзда меҳнат қилаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Агар бир фалокат рўй бергудек бўлса, у ҳолда на бирон товон пули, на бошқа турдаги тўлов тўғрисида гапириш мумкин. Эҳтимол, шу сабабдан ҳам айрим ишбошилар ёлланувчилар билан шунчаки оғзаки келишув қилиб қўйишса керак.

Самарқанд шаҳрида яшовчи Озода Соатова ўғли Алимардон Турсуновнинг худди шундай ҳодиса туфайли оғир аҳволга тушиб қолгани юзасидан таҳририятимизга мурожаат қилди.

Бордик. Самарқанд халқаро аэропорти яқинидаги ижарага олинган ғарибгина далаҳовлилардан бири…

Қаҳратонда ойнаси йўқ эшикдан совуқ нафасини уфуриб турган хонада бемор ётибди. Оёқ томонига совуқнинг заҳрини кесиш учун қўлбола электр иситкич қўйилган. Оғир аҳволдаги бемор тиббий хизматларсиз ана шу шароитда парваришланмоқда.

Онаси Озода опанинг айтишича, 26 ёшли Алимардон 2018 йил 1 август куни Самарқанд туманида жойлашган «Афросиёб қурилиш инвест» МЧЖга қарашли қайроқтош майдалаш корхонасига ишга кирган.

17 август куни эса тош майдалаш ускунасига тош тераётганида ускунага қўли кириб қолиб, уни ичига тортиб кетган. Ўнг қўл елка суяги мажақланиб, бутун гавданинг турли қисмларига оғир жароҳатлар етган. Бешта қовурға синиб, орқа мия тиклаб бўлмас даражада лат еган.

Аввал шошилинч тез тиббий ёрдам бирлашмасида, кейин вилоят ортопедия ва шикастланиш оқибатлари шифохонаси жонлантириш бўлимида мураккаб муолажалардан сўнг унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Аммо шу кундан эътиборан Алимардон тўшакка михланиб қолган. Дард билан олишаётган беморнинг фақат териси-ю суяги қолганининг гувоҳи бўлдик. Узоқ вақтдан бери ётгани сабаб терида турли яра-тошмалар юзага келган. Бемор фақат сўзлаша олади, холос.

Озода Соатова ўғли шу кўйга тушган корхона томонидан шу вақтгача товон пули берилмагани ҳақида шикоят қилди.

«Дориларга пул етмасдан, уч-тўрт марта изиллаб йиғлаб борганимда 500 минг сўмдан беришди. Ўғлимнинг отасига ҳам корхона томонидан бир неча марта пул берилди. Аммо боламни парваришлаш учун бу урвоқ ҳам бўлмади. Қолаверса, пул деб йиғлаб боравериш менга ҳам осон эмас, бундай вазиятда боламнинг қонуний ҳуқуқи борми йўқми? Ахир, одам иш жойида ногирон бўлиб қолгач, унинг оқибатлари ҳақида наҳотки ўша корхона мутасаддилари ўйлаб кўришмаса?! Ишга яроқсиз бўлиб қолган ходим шунчаки унутилса», дейди Озода Соатова.