Қиш ҳали қиличини қайраб келганича йўқ. Ҳаво бироз совиди холос. Бироқ, ноябрь ойи ярмидан бошлаб таҳририятимизга «фаслий мурожаатлар ёмғири ёғилди». Мавзу бир хил: «Газ йўқ, кўмир қиммат, электр ўчяпти».
Совуқ фасл кўплаб ташкилотларнинг куз-қиш мавсумига қай даражада тадорик кўрганини кўзгу сингари кўрсатиб беряпти.


Айниқса, бундай мурожаатлар таълим даргоҳлари ва шифохоналардан тушаётгани ачинарли. Навбатдаги арзномани ўргангани Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалига бордик.
Нуфузли олий таълим муассасасида 3800 нафардан зиёд талаба ўқийди. Олий даргоҳнинг талаба ва ўқитувчилари аудиториялар совуқлигидан шикоят қилишган.
«Қандай совуқ шароитда дарс ўтаётганимизни бир кўриб кетинг!», дейилган эди мурожаатда.
Ректор ўринбосари Муроджон Отажонов билан бирга ўқув хоналари, ётоқхона ва кутубхонадаги ҳолат билан танишдик.
«Қишлоқ хўжалик машиналари ва техник сервисни ташкил этиш» кафедраси биносидамиз.

Аудиторияда сув хўжалиги мелиорацияси факультети 4-курс 51, 52 ва 53-гуруҳларининг дарс жараёни тугаётган экан. Ўқув хонасида иситиш тизими ишламаётганидан ўқувчилар пальто кийган ҳолда, бошларида қалпоқлари билан ўтиришибди. Бир партада уч-тўрттадан бир-бирига ёпишганича ўтириб маъруза тинглаётган ёшларга ҳавас қилиб бўлмайди. Ўқитувчи ҳам пальто ва телпак кийиб олган.



Электр иситгич ҳам йўқ экан. «Совуқлиги учун иссиқ курткада ўтирибмиз», дейди талабалардан бири Сайёра Абдуллаева.
Бинонинг «Замонавий қишлоқ хўжалик техниклари техник сервиси» ўқув хонасида 17 нафар талаба дарс олаётган экан. Улар ҳам бош кийимларини ечишмаган.
























