«Манчестер Юнайтед» ҳақида Жозе Моуриньо давридан давом этиб келаётган бир муаммо бор – жамоа позицион ҳужумларни ташкил қилишда қийналади. Натижада, кўпчилик бўлиб ҳимояланадиган жамоани ёриб ўтиш осон бўлмайди. Бу ростан ҳам бор нарса.

Шу билан бирга, яна бир стереотип бор – «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумларни зўр ташкил қилади. Аслида эсингизда бўлса, Жозе «Реал»да ҳам бу борада жуда кучли машинани яратган, Роналду–Ди Мария–Ўзил каби футболчилар билан дунёдаги энг тезкор қарши ҳужумлар қила оладиган «Реал»ни билардик. Манчестерга келиб ҳам Моуриньо шу йўналишда ҳаракат қилди – Луи ван Гаалнинг тўп назоратига асосланган ўйинидан чинакам вертикал жамоага айланиш учун бир йилдан ортиқроқ вақт кетди. Ибраҳимович, Мата, Руни каби футболчилар етакчи бўлиб турганида, тезкорликни асосий планга олиб чиқиш имконсиз эди ва кейинги трансферларда айнан вертикал футбол асосий талабга айланиб борди.

Сульшер билан бу қурол янада такомиллашди. Биринчидан, маълум бир паллада бу жуда яхши натижа беришни бошлади ва айнан ўша давр – Сульшернинг илк ойлари бутун Англияда «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумда беназир ҳаракат қилади, деган тасаввурни уйғотди. Эсингизда бўлса, Сульшер келгач, «Манчестер Юнайтед» қаторасига бир неча ўйинда сафар ўйинларини фақат ғалаба билан якунлайверди. Улар ичида «Тоттенҳэм», «Лестер», «Челси», «Арсенал» ва «ПСЖ» каби жамоалар бор эдики, бу ўйинлардаги голларга эътибор берсангиз, асосан тезкор қарши ҳужумларга таянилган.

Ёзда эса, Давид Жеймс ҳам сотиб олинди. Эррера, Феллайни ва Матичсиз, энди бу «Манчестер Юнайтед» учун тезкор ҳужумлар асосий эмас, ягона қуролга айланиб қолди. Рэшфорд ва Жеймс - АПЛдаги энг тезкор беш футболчидан иккиси, булар билан бошқача ўйнашни ихтиёр этиш ҳам қийин. «Манчестер Юнайтед» позицион ҳужумларда муаммоларга дуч келишда давом этмоқда, «Вулверҳэмптон», «Саутҳэмптон», «Ньюкасл», «Борнмут», «Шеффилд», «Астон Вилла», «Кристал Пэлас» жамоаларига қарши ўйинларда очко йўқотилди – бу ҳали ярми якунланмаган мавсум учун жуда кўп. Аммо шу билан бирга, ҳалиги стереотип ҳам яшаяпти – «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумларда жуда хавфли клуб.

Бу жамоага нима бермоқда?

Кечаги ўйиндан кейин Жозе Моуриньо шогирдларининг дадилроқ, янада агрессивроқ ўйнамагани асосий камчилик бўлганини тан олди. Бу ҳолат табиийки, мураббийнинг ўйинга эҳтиёткор ёндашувидан келиб чиққан оқибат. Қизиғи, Моуриньони қўйинг, айнан топ ўйинлардаги дадил тактикалари билан ном қозонган Юрген Клопп ҳам, эсингизда бўлса, «Олд Траффорд»да худди шундай вазиятга тушиб қолганди. Бир эмас, икки марта. Кўп мутахассислар Клопп жамоаси мавсумда биринчи марта ўзига ўхшамагани, ўта эҳтиёткор тактика танлаб юборганини таъкидлашганди. Бундай эҳтиёткорликнинг манбаси ҳам аниқ – «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумларда хавфли жамоа.