Бошқа кўплаб қон касалликларидан фарқли ўлароқ, камқонлик жуда кенг тарқалган: статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг чорак қисми анемиядан азият чекмоқда. Яхшиямки, аксарият ҳолларда гап касалликнинг енгил шакллари ҳақида боради, ваҳоланки улар баъзида соғлиғингизга ва кайфиятингизга таҳдид солиши мумкин.

Фото: Andrew Mason / Flickr.com

Анемия нима?

Ҳар бир катта ёшли одамнинг танасида тахминан 5 литр қон мавжуд. Агар сиз ўз танангизда қанча қон борлигини билмоқчи бўлсангиз, унда эслаб қолинг — бу тана вазнининг 7 фоизини ташкил қилади. Қон ўзининг асоси бўйича таркибида тузлар бўлган сувдир, аммо унинг энг муҳим таркибий қисми қон ичида айланиб юрадиган ҳужайралардир. Ушбу ҳужайралар суяк илигида ҳосил бўлади ва уларнинг қийматини ортиқча баҳолаш қийин. Эритроцитлар, яъни қизил қон таначаларининг ўзигина ўпкадан чиқадиган кислородни танамизнинг барча тўқималарига етказади ва шу билан нафас олишда қатнашади. Айнан улар қонни қизил рангга киритади. Бошқалари, масалан оқ қон ҳужайралари бизни микроб ва вируслардан ҳимоя қилади. Ва ниҳоят, учинчи хил ҳужайралар — тромбоцитлар, шикастланганимизда қон кетишини тўхтатади. Агар қайсидир ҳужайра миқдори жуда камайиб кетса ёки ўз функциясини бажаришдан тўхтаса, соғлигимиз ёмонлашади. 

Анемиянинг ривожланиши ушбу ҳужайралардан бири — қизил қон таначалари етишмаслиги билан боғлиқ. Аммо, баъзида қизил қон таначаларининг сони сақланиб қолган ҳолатда уларнинг асосий таркибий қисми, кислородни олиб юрадиган гемоглобин оқсилининг сони камаяди. Натижада, қизил қон таначалари «сифатсиз» бўлиб қолади ва уларнинг функциялари, ҳатто қизил қон ҳужайралари сони ўзгармаса ҳам ишдан чиқади. Шундай қилиб, биз анемия нималигини билиб олдик — қизил қон таначалари ёки улар таркибидаги гемоглобин миқдори камайганда юзага келадиган ҳолат. Ушбу ҳужайралар нафас олган кислородимизни танадаги барча тўқималар ва ҳужайраларга етказиш учун жавобгардир, шунинг учун камқонлик билан организм аста-секин «бўғила» бошлайди. 

Яхшиямки, танамиз мукаммал мослашиш қобилиятига эга ва вақт ўтиши билан эритроцитлар ёки гемоглобиннинг етишмаслиги ўрнини қоплай олади (Тоғли ҳудудларда яшайдиган инсонларнинг кислород босими кам бўлган сийрак ҳавога қандай мослашганини эслаш кифоя). Бироқ, эртами-кечми, организм камқонликка қарши туриш ва унинг оқибатларини яшириш учун сарф этиладиган кучини йўқотади. Бундай ҳолда, камқонлик белгилари пайдо бўлишни бошлайди.