Янги Солиқ кодекси лойиҳасида нималар ўзгаряпти?
Парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи, иккинчи ва учинчи ўқишга тайёрланмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси депутатлар, парламент қуйи палатасидаги Давлат бюджети бошқармаси ходимлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда солиқ ва молия соҳаси мутахассислари томонидан такомилига етказилмоқда.
Парламент сайтида хабар берилишича, лойиҳада асосий ўзгаришлардан бири солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ суммалари сўзсиз тартибда асоссиз ундирилганлиги билан боғлиқ. Ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмагани ёки солиқ суммалари сўзсиз тартибда асоссиз ундирилгани учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш йўли билан солиқ органларининг жавобгарлигини кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилмоқда. Батафсил камерал текширув ўтказилганидан кейин ҚҚС бўйича “манфий” қолдиқ суммасини қайтариш ҳуқуқи тақдим этилади. Энг йирик солиқ тўловчилар ва банк кафолатини тақдим этган шахслар учун уни соддалаштирилган тартибда қайтариш ҳуқуқи берилади. Айни пайтда фақат экспортёрларга қайтарилиб келинаётган эди.
Бундан ташқари, асосий воситалар объектлари, шу жумладан, кўчмас мулк объектлари харид қилинганда (барпо этилганда) ҚҚС бир йўла ҳисобга олинишини назарда тутувчи тартиб жорий этилади.
Ҳозирда ҳисобга олиш тенг улушларда кетма-кет келувчи 12 ой давомида, кўчмас мулк объектлари бўйича эса 36 ой давомида амалга оширилади.
Мазкур тартиб жорий этилса, корхоналарга давлат бюджетидан маблағлар қайтариб берилади ва бу хўжалик субъектларининг молиявий ҳолатини яхшилашга олиб келади. Мисол: Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи қурилиш корхонаси ҚҚС бўйича қарийб 25 млрд. сўмга манфий ҳисобот топширган бўлса-да, лекин ушбу корхонага амалдаги Солиқ кодексида қайтариб бериш имконияти мавжуд эмас эди. Киритилаётган ўзгартиш билан ушбу суммани мазкур корхонанинг товар айланмасини кўпайтиришга йўналтириш имконияти яратилади.
Мавзуга оид
13:26 / 30.03.2024
Сенаторлар туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган қонунни маъқуллади
07:24 / 13.04.2022
Солиқ кодексига фойда солиғи бўйича ўзгартиришлар киритилади
08:40 / 31.12.2021
Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи камайтирилди
07:44 / 28.12.2021