Таҳлика-таҳлил дастури: Солиқ тўловчилар учун енгилликлар тўғрисида маълумот берилди
Бугун, 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси лойиҳасига киритилаётган ўзгаришлар, уларнинг мазмун моҳиятига бағишлаб Қонунчилик палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Қонунчилик палатаси Давлат бюджети бошқармаси бошлиғи Комилжон Эрназаров Кодексда тадбиркорлар ва умуман солиқ тўловчилар учун енгилликлар тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, солиқ назоратининг янги тартиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) солиқ тўловчининг таҳлика-таҳлили асосида таклиф этилмоқда.
«Таҳлика-таҳлил дастури инсон омилисиз автоматлаштирилган ҳолда фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини мезонлар асосида хавфлилик даражасига қараб 3та сегментга, яъни яшил, сариқ, қизил йўлакларга ажратади.
Хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади.
Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга молиявий жарималар қўлланмайди.
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатлари ва ҳисобварақ-фактураларни сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади ва ушбу корхоналар доимий назоратда бўлади. Ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олади», дея Комилжон Эрназаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.