Бутун мавсум давомида Суперлига учрашувларини кузатиб, таҳлил қилиб борган, ПФЛ билан ҳамкорликда ой лауреатларини аниқлаган, ҳар турдан кейин тур рамзий жамоасини эълон қилиб борган Tribuna.uz сайти 2019 йилги чемпионат якунларига кўра, мавсум рамзий жамоасини тузди.

Дарвозабон:

Ўткир Юсупов

Клуби: «Навбаҳор»

Ўйинлари сони: 24

Суперлига-2019нинг энг яхши посбони бўлиш учун даъвогарлар орасидан «Навбаҳор» посбони Ўткир Юсуповни танладик. Наманганликлар посбони етакчи клублар дарвозабонлари Элдор Суюнов, Санжар Қувватов, Жавоҳир Илёсов, Мурод Зуҳуров, Игнатий Нестеров ва қолган дарвозабонлардан энг кўп – 24 та ўйин ўтказиб, энг кам – 19 та гол ўтказди. Шу билан бирга 2 марта пенальтини қайтаришга муваффақ бўлди. 28 ёшли Ўткир Юсупов дарвозабон бўлишига қарамай, мавсум давомида «Навбаҳор»нинг етакчиларидан бири бўла олди.

Ҳимоячилар:

Ҳожиакбар Алижонов

Клуби: «Пахтакор»

Ўйин ва голлари сони: 21 ўйин, 1 та гол

Чемпионликка эришган «Пахтакор» асосий таркибидаги энг ёш футболчи Ҳожиакбар Алижонов мавсум кашфиётларидан бири бўлди. 22 ёшли ҳимоячи нафақат ОЧЛ ва миллий жамоада, балки Суперлигада ҳам ажойиб ўйинлар намойиш этди. Ҳожиакбар нафақат ҳимояда балки ҳужум ташкил этишда ҳам ўнг қанотда Арвеладзе учун муҳим фигурага айлана олди. Битта гол уриш билан бирга жамоасининг қатор голларига ассистентлик ҳам қилди.

Ислом Тўхтахўжаев

Клуби: «Локомотив»

Ўйин ва голлари сони: 24 ўйин, 5 гол

«Темирйўлчилар» сардори Ислом Тўхтахўжаев бу мавсумни ҳам юқори даражада ўтказа олди. 30 ёшли футболчи «Локомотив»нинг 2-ўрин билан ОЧЛга йўлланма олишига катта ҳисса қўшди. Ислом бу йилги ўйинлар сони бўйича жамоада Анзур Исмоиловдан кейинги ўринда жой олган бўлса-да, ҳимоячи бўлишига қарамай, 24 ўйинда 5 марта рақиблар дарвозасини ишғол этиб, жамоасига муҳим очколарни тақдим этди. Энг муҳими, «Локомотив» мавсумда энг кам гол ўтказиб юборган жамоа бўлди – 16 та гол.