Қаттиқ маиший чиқинди полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича йўриқнома тасдиқланди.

Norma’нинг ёзишича, ҳужжатда қаттиқ маиший чиқиндиларни полигонга қабул қилиш тартиби ва технологик схемаси, шунингдек уларни ташувчи техникани бўшатиш тартиби назарда тутилган.

Маълумот учун: қаттиқ маиший чиқиндилар — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар). 
 
Қаттиқ маиший чиқиндилар полигонлари қурилиши учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва ўрмон фонди ерларига кирмайдиган ер участкалари ажратилади. Бунда полигонларнинг атроф-муҳитнинг турли объектларига салбий таъсири даражасини ҳисобга олган ҳолда энг кам таъсир кўрсатувчи ер участкасини танлаш учун бир неча ҳудудлар муқобил вариант сифатида кўриб чиқилади.
 
Полигонлар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ташқарисида жойлаштирилади. Улар исталган катталикдаги аҳоли пунктлари учун ташкил этилиши мумкин, бироқ бир бирига яқин аҳоли пунктлари учун марказлашган полигонларни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Турар жойдан полигон чегарасигача бўлган масофа аҳоли яшаш жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ камида 500 метрни ташкил қилиши керак.
 
Полигонларни сувни муҳофаза қилиш зоналари, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва сифатли ер ости сувлари тўпланадиган манбалар теграси, курортларни муҳофаза қилиш зоналари, шунингдек фуқароларнинг оммавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ҳудудига жойлаштирилишига йўл қўйилмайди. Ер ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлар Ергеодезкадастр давлат қўмитаси томонидан расмийлаштирилади.
 
Туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази тайёрланган барча материалларни инобатга олган ҳолда танланган ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусида ўз хулосасини беради. Кейин экологик нормативлар ишлаб чиқилади ва келишилади, давлат экологик экспертизаси ўтказилади.