Ургут тумани Испанза қишлоғи аҳолиси республика аҳамиятидаги «Ургут – Булунғур» йўлининг шу қишлоқнинг учта маҳалласи, шунингдек, Ургут шаҳри «Юқори Торинжак» маҳалласидан ўтган қисми жуда ҳам хароб аҳволдалигидан, йўлнинг таъмирланишини сўраб ёзмаган ва бормаган жойлари қолмаган эди. Аммо ҳеч ким шу йўлни таъмирлаб бермаётгани, 2017 йилдан сўнг Ургут йўлсозлари йўлнинг бир қисмини таъмирлагани, қолган қисми республика аҳамиятига эга йўл мақомига умуман мос келмайдиган даражада хароб бўлиб ётгани ҳақида мурожат тушган эди.
Ўшанда мурожатни ўрганиш учун бориб йўлнинг аҳволини кўрганимизда ҳақиқатан йўл ҳолати жуда ёмон аҳволда эди. Шундан сўнг Ургут туман йўл идорасига бориб, тегишли мутасаддилардан изоҳ олган эдик.
Ургут туман йўл идораси масъули, бош муҳандис Эрмат Шодиев «Республика аҳамиятидаги йўллар Молия вазирлиги қошидаги «Йўл жамғармаси» маблағлари ҳисобидан таъмирланиши, 2019 йилда таъмирланиши лозим бўлган йўлларнинг смета харажатларини вилоят йўл бошқармасига жўнатилгани, энди Молия вазирлиги қошидаги «Йўл жамғармаси» пул ажратса ушбу йўл навбати билан таъмирлаб берилиши, акс ҳолда бу йўл 2019 йилда ҳам шу ҳолатда қолавериши ва ҳаттоки 2020 йил режаларига ўтиб кетиши ҳам мумкинлигини маълум қилган эди.
Ургут туман йўл идорасидан нима дейишимизни билмай чиқиб кетган эдик. Тўғри-да, республика аҳамиятига эга бўлган йўл учун маблағни Тошкентдан ажратишса, Ургут йўлсозларининг қўлидан нима ҳам келарди?..
Орадан 6–7 ой вақт ўтди. Яқинда «Ургут – Булунғур» йўли масаласида шу йўлнинг бир қисми ўтган «Жайратепа» маҳалласи раиси Ҳ.Аҳмедов яна бизга мурожат қилди.
Унинг айтишича, Ургут йўлсозлари «маблағ йўқ» деб баҳона қилишяпти. Сабаби, баҳорда «Тошкентдан, Молия вазирлиги қошидаги «Йўл жамғармаси» пул ажратса йўлларингни таъмирлаймиз, акс ҳолда бошқа имкониятимиз йўқ», деган Ургут йўлсозлари ёзи билан туманнинг бошқа турли ҳудудларидаги йўлларни асфальт қилишган. Лекин, негадир «Ургут – Булунғур» йўлининг «Юқори Торинжак» маҳалласи ва «Испанза» қишлоғининг учта маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмини таъмирлаб беришмаган.
Бу сафар шу йўлнинг ҳолатини охиригача кўриш учун, ушбу йўлнинг Тожикистонга ўтувчи «Жартепа» божхона маскани жойлашган «Самарқанд –Айний» халқаро йўлигача бўлган 22 километрли қисмини автомобилда бориб кўриб келдик. Бекор қилибмиз.

Сабаби — «Ургут – Булунғур» йўлининг нафақат «Юқори Торинжак» маҳалласи ва «Испанза» қишлоқларидан ўтган 5–6 километрли участкаси, балки узунлиги 22 километрни ташкил этувчи «Ургут – Жартепа» йўлининг аксарият қисми жуда ёмон аҳволга тушиб бўлибди.




















