Бунга жавобни 50дан ортиқ қонун ҳужжатларига, шу жумладан 12та кодексга киритилган тузатишлардан топиш мумкин, деб ёзмоқда Norma.
Тузатишлар моҳияти қуйидагилардан иборат. 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб энг кам иш ҳақи миқдори (ЭКИҲ) қуйидаги учта мустақил тушунчага ажратилди: меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ), базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) ва пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори (ПҲБМ). Материал эълон қилинган санадаги ҳолатга кўра, МҲЭКМ 634 880 сўмни, БҲМ ва ПҲБМ – 223 000 сўмни (бекор қилинган ЭКИҲга тенг миқдорда) ташкил этади.
Тегишинча, у ёки бу тўловнинг ЭКИҲдан БҲМ ёки ПҲБМга ўзгартирилиши билан боғлиқ ҳолатларда – «бирга бир» конвертацияда атамаларнинг ўзгартирилиши якуний суммага таъсир кўрсатмайди (бекор қилинган ЭКИҲ ҳамда унинг ўрнига жорий этилган БҲМ ва ПҲБМ миқдор жиҳатдан бир хил). Бундай ҳолатни, масалан, Жиноят кодексида ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кузатиш мумкин – жарима кўринишидаги санкциялар бундан буён БҲМда ҳисобланмоқда, бироқ бундан жарималар суммаси ўзгармайди, сабаби белгиланган санкция миқдорлари аввалгидек қолдирилмоқда.
ЭКИҲдан МҲЭКМга ўтиш назарда тутилган ҳолатларда вазият бироз бошқачароқ. МҲЭКМ уч баравар кўп бўлганлиги сабабли қонун чиқарувчи коэффициентларни тузатишга мажбур бўлган. Бу, ўз навбатида, пулда ифодаланган рақамларда акс этган. Қоидага кўра, арзимас миқдорда ошириш юз беради.
Масалан, илгари айрим қонун ҳужжатлари билан белгиланган 1 ЭКИҲ суммаси (223 минг сўм) МҲЭКМнинг 35,2 фоизи ёки 223 477,76 сўмга алмаштирилди. Бундан буён қуйидагилар қўлланилади:
а) меҳнатга қобилиятсизлар, ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва уларнинг оила аъзолари учун ойига ўртача бир жон бошига тўғри келадиган даромад кўрсаткичи, бунда уларга мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой назарда тутилади (хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижарага олинади);
б) ишламайдиган хизматга чақирилувчиларга ҳокимиятлар томонидан тўланадиган нафақа суммаси;
в) вақтинча меҳнат қобилиятсизлик бўйича нафақанинг энг кам миқдори;
г) ишидан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган, меҳнат органларида рўйхатга олинган, қарамоғида вояга етмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган шахсларга («Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасида кўрсатиб ўтилган шахслардан ташқари) касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малака ошириш даврида тўланиши кафолатланган энг кам миқдордаги стипендия;


















