Сессияда қатнашган Kun.uz мухбири муҳокама мавзусидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши эҳтимоли ўрганилаётгани юзасидан савол берди.
«Беларусь республикаси раҳбарияти, қирғизистонлик ишлаб чиқарувчилар ва депутатларнинг ЕОИИ бўйича билдираётган салбий фикрлари, иттифоққа аъзолик туфайли уларнинг иқтисодиёти зарар кўраётгани ҳақидаги эътирозлар ўзбек экспертлари гуруҳи томонидан қанчалик инобатга олинмоқда?», дея ўртага ташланган саволга Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов жавоб берди.

«Дунёдаги ҳар битта давлат ўз стратегик мақсадларидан келиб чиққан ҳолда у ёки бу халқаро ёки минтақавий савдо келишувлари ва ташкилотларга кириши мумкин. Бу – ҳар бир давлатнинг суверен ҳуқуқи. Бу ҳуқуқ Жаҳон Савдо Ташкилотининг GATT битими 24-моддасида ҳам белгиланган.
Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган иккита давлат билан бевосита чегарада жойлашган. Бу эса Ўзбекистон учун юқори аҳамиятга эга.
Албатта, бу ташкилотга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатлари диққат билан ўрганилади ва ўрганишларда албатта миллий манфаатлардан келиб чиқилади».
Масала юзасидан сиёсий партиялар вакиллари ҳам муносабат билдириб ўтди.
Дилшоджон Раҳмонов, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили:

«Албатта, бу мавзу анча вақтдан бери муҳокамалар марказида турибди. Агар таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, иқтисодий пасайишларни нафақат бу ташкилотга, балки бошқа иқтисодий ташкилотларга аъзо давлатларда ҳам кузатиш мумкин. Масалан, бундан 7-8 йил аввал дунё давлатларида иқтисодий ўсишлар ўртача 7 фоиз атрофида бўлган бўлса, ҳозир 3,1 фоиз. Бу – Жаҳон банки маълумотлари.
Демак, бу пасайишни фақат иттифоқ билан боғлаш нотўғри. Сабаби, иттифоқнинг умумий улушида Беларусь ва Қирғизистоннинг улуши жуда катта эмас. Улушнинг катта эмаслиги эса ички иқтисодий пасайишда иттифоқнинг таъсири юқори эмаслигини ифодалайди.




















