Ўзбекистон Республикаси президенти “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан талаб қилиниши, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилишига йўл қўйилмайдиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди.

Рўйхат:

1. Яшаш жойидан маълумотнома.
2. Ариза берувчи яшаш жойи бўйича яшаётганлиги (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисидаги маълумотнома.
3. Доимий ва вақтинчалик рўйхатдан ўтиб яшовчилар сони тўғрисида маълумотнома.
4. Доимий яшаш жойида яшаётган муддати кўрсатилган маълумотнома.
5. Яшовчи шахслар сонини тасдиқлайдиган маълумотнома.
6. Турар жойда яшовчи шахслар кўрсатилган ҳолда маълумотнома.
7. Ариза берувчи яшаш жойи бўйича бир ўзи яшаши (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисида маълумотнома.
8. Фуқаронинг ёлғиз яшаётганлигини тасдиқловчи маълумотнома.
9. Оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турганлиги ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома.
10. 80 ёшга тўлган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган кекса ёшдаги одамни парвариш қилган вақтни тасдиқловчи маълумотнома.
11. Қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари борлигини тасдиқловчи маълумотнома.
12. Вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотнома.
13. Вафот этган ходим билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи маълумотнома.
14. Шахсий ёрдамчи хўжаликларида ишловчи фуқароларнинг бандлигини тасдиқловчи маълумотнома.
15. Шахс ҳақиқатан ногиронни парвариш қилаётганлигини тасдиқловчи маълумотнома.
16. Ишсизлик тўғрисидаги маълумотнома.
17. Вафот этган боқувчининг ота-оналари, турмуш ўртоғи, буваси, бувиси, ака-укаси ёки опа-синглисидан бири вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома.