«Медуза» ушбу иш бўйича ҳал қилувчи йиғилишдан репортаж тайёрлади.

«Менинг ўғлим уларни кимгадир юлдузча [погонда] кераклиги учун қамашаётганини тушуниб турибди», — дейди суд мажлисидан олдин 11 судланувчидан бирининг онаси Ёрқиной Мирзаалимова. Аёл титраган овоз билан сўнгги икки ярим йилда президент администрациясига, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга ва бошқа нуфузли шахсларга хатлар йўллагани, аммо тайинли жавоб келмаганини гапиради.

У барча хатларида битта нарсани ёзган: ўғли Маҳаммадюсуф Мирзаалимовнинг тарихини. Уни Товарищеский проспектдаги квартирада яна олти киши билан бирга қўлга олишган — уларнинг барчаси теракт бўйича ишда айбланган. Терговнинг ҳисоблашича бу шахслар террорчи гуруҳ тузган ва метродаги портлашга тайёргарлик кўрган. Квартирадаги тинтув вақтида метрода портлаган бомбага ўхшаш бўлган портловчи қурилма топилган — қўлга олинганлар эса қурилма уйга махсус хизматлар ходимлари томонидан ташлаб қўйилгани ҳақида айтишган.

Маҳаммадюсуф Мирзаалимов ошпаз бўлиб ишлаган. Товарищеский проспектдаги квартирага у портлашдан икки кун олдин — 2017 йилнинг 1 апрелида келган бўлган. Унинг онаси айтишича, ўғли бу ерда янги жой топгунича вақтинча яшаб турмоқчи бўлган: «Менинг ўғлим шунчаки кераксиз вақтда кераксиз жойда — ўша квартирада бўлиб қолган».

Ёрқиной Мирзаалимова иш бўйича шуғулланган терговчилар билан гаплашганида, гўёки улардан бири текширув ишлари давомида «юқоридан келган буйруқ» туфайли қоидабузарлик қилишга мажбур бўлгани ҳақида айтган.

Судда бошқа судланувчиларнинг қариндошлари иштирок этмади. Мирзаалимова буни шундай изоҳлайди: шунчаки кўпчилик оилалар бошқа шаҳарлардан Петербургга келишга қурби етмади.

Ольга Мальцева / AFP / Scanpix / LETA

Соат 13:00 атрофида журналистлар ва бошқаларни суд залига киритиш бошланди. 11 айбланувчилар бу вақтда «аквариум»-қафасда суд бошланишини кутиб турар эди. Судланувчилардан бири — Шоҳиста Каримова, қўлга олингунга қадар кафеда сабзавот тўғровчи бўлиб ишлаган аёл — дарҳол ўзи ва бошқа айбланувчилар «подстава» қилингани ҳақида айтиб бақирди. 2017 йил апрелида тинтув вақтида Каримова яшаган уйдан граната ва детонаторлар топилган — ўтган икки ярим йил вақт мобайнида у буларнинг барчаси уйига яширинча ташлаб қўйилгани ҳақида гапириб келди.

Теракт бўйича ишни текшириш бир йилдан ортиқ вақт давом этди, уни судда кўриб чиқиш учун 8 ой вақт кетди. Ҳукм чиқариш учун эса — атиги ярим соат. Шу вақт ичида «аквариум»даги 11 киши айбдор деб топилди. Энг оғир жазо — қатъий режимдаги колонияда умрбод қамоқ жазоси — Аброр Азимовга берилди. Тергов уни терактнинг асосий ташкилотчиси деб эълон қилган — хусусан, айнан у метрода ўзини портлатган Акбаржон Жалиловга кўрсатма бергани айтилган.