Ўзбекистон | 13:22 / 12.12.2019
5638
1 дақиқада ўқилади

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Ўзбекистонда 4та миллий лойиҳани маъқуллади

Фото: REUTERS/Carlo Allegri

2019 йилнинг 6 декабрь куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бошқарувчилар кенгаши Техник ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонда 2020-2021 йилларда амалга ошириш учун умумий қиймати 1 миллион евродан ортиқ бўлган тўртта миллий лойиҳани маъқуллади.

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маълумотига кўра, ушбу лойиҳалар техник салоҳият ва инсон ресурсларини кенгайтириш, ядро инфратузилмасини ривожлантириш, Ўзбекистонда ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш учун объектларнинг ядровий ва радиацион хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон томонидан лойиҳалар ижрочилари «Ўзатом» агентлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Ядро физикаси институти, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети ҳамда Тошкент шаҳар онкология маркази ҳисобланади.

АЭХАнинг техник ҳамкорлик дастури Ўзбекистонда ядро-физика ускуналаридан фойдаланишда ядровий ва радиацион хавфсизликни мустаҳкамлаш, тиббиётда ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида замонавий ядро технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш, шунингдек, ядро билимларини тарқатишни назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид